Сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси Тожикистон—Ўзбекистон чегарасида Тожикистон чегара қўшинларининг чегара постига қуролланган шахслар томонидан ҳужум уюштирилган, деб хабар бермоқда «РИА Новости».

Фото: Sputnik

Хабарга кўра 20 нафар қуролланган ва юзига ниқоб таққан жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилган.

Тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарчиларнинг 5 та автоматини эгаллаб олган. Хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси ўлдирилган ва 5 нафар жангари қўлга олинган.

Отишмаларда чегара қўшинларининг бир нафар аскари ва бир нафар милиционернинг ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Воқеа содир бўлган жойда тезкор тергов гуруҳи тузилган ва тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.