30 октябрь, чоршанба куни Боку шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашининг 77-саммити бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Унда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал майор Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Шунингдек, саммитда Россия мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгу, Озарбайжон мудофаа вазири генерал-полковник Закир Гасанов, Ўзбекистон мудофаа вазири генерал майор Баҳодир Қурбонов, Беларусь Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Андрей Равков, Қозоғистон мудофаа вазири генерал майор Нурлан Ермекбаев, Тожикистон мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо, Қирғизистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал майор Райимберди Дуйшенбиев, МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедев қатнашди.
Асосий йиғилиш олдидан мудофаа вазирлари Боку шаҳридаги «Шаҳидлар майдони»да бўлиб, «Мангу олов» монументи пойига гулчамбар қўйди ва мамлакат ҳудудий яхлитлиги йўлида жон фидо қилган озар ҳарбий хизматчиларига ҳурмат бажо келтирди.
Саммит кун тартибидан МДҲ давлатларининг 2025 йилгача ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги концепцияси, радиация, кимёвий ва биологик соҳаларда қўшма мониторинг ва вазиятни баҳолашга оид масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, вазирлар «Халқаро армия ўйинлари—2019» натижаларини сарҳисоб қилиб, МДҲ ҳарбий кучлари учун офицер кадрлар тайёрлаш ҳамда «Илмнинг бошланиши» халқаро илмий ғоялар фестивалини ўтказишни муҳокама қилдилар. Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга бағишланган алоҳида суҳбат бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)