Тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчиларнинг Табобат академияси шифокорларни ҳимоя қилишда давлат органларига кўмак кўрсатиш истагини билдирди. Бу ҳақда академия раиси, профессор Иброҳимжон Асқаров муассасанинг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Профессор Асқаровнинг таъкидлашича, бугунги кунда тиббиёт ходимларига бўлаётган тазйиқ ва зўравонликларнинг олди ўз вақтида олинмаса, келгусида бошқа соҳа вакиллари ҳам шундай тажовузлар остида қолиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди.

Иброҳимжон Асқаров (энг чапда).
Фото: Мусулмонбек Иброҳимов / «Дарё»

«Шифокорларга бўлаётган зўравонликларни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Минг афсуски, бундай номаъқул ишлар кундан-кунга ортиб бормоқда. ‘Доринг йўқ, уколни ундоқ қилдинг, кеч келдинғ, деб шифокорларни ураётганлар эртага бошқа соҳа вакилларига ҳам зуғум қилиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида, Табобат академияси тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчиларни қонуний ҳимоя қилишда мутасадди идораларга кўмаклашади. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради ва тажовуз қилинган ҳолатлар бўйича жамоатчилик ўрганишини ўтказиб, ўрганиш маълумотларини ваколатли органларга тақдим этади», – деди Иброҳимжон Асқаров.

«Дейлик, Ўзбекистоннинг бирор бир ҳудудида шифокорга нисбатан тазйиқ бўлди — биз зудлик билан воқеа жойига академиямиз вакилини жўнатамиз. Масала тез фурсатда ўрганилиб, керакли ҳужжатлар йиғилади ва ваколатли органларга тақдим этилади. Мурожаатни кўриб чиқиш якунлари ва қабул қилинган қарор бўйича белгиланган тартибда жамоатчилик назорати ўрнатилади», — дейди Табобат академияси раиси.

Профессорнинг қўшимча қилишича, тиббиёт ходимларининг иш фаолиятига тўсқинлик қилиб, уларни калтаклаган шахслар фақат жарима билан қутулиб қолиши тўғри эмас. Шу боис академия бундай ҳолатларда жавобгарликни оғирлаштириш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тўла қўллаб-қувватлайди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2017—2018 йиллар давомида тиббиёт ходимларига 400 дан ортиқ тажовузлар қилинган. Фақат 40 та ҳолатда тиббиёт ходимлари уларга тажовуз қилган шахслар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилган. Ўзбекистондаги амалдаги қонунчиликда ўз вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларини беморлар ва уларнинг яқин қариндошларининг ҳужумидан ҳимоя қилувчи махсус нормалар мавжуд эмас.

2019 йил октябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилгани маълум бўлганди. Қонун шифокорларга тажовуз қилган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.