Тошкент халқаро аэропортида божхона хизмати ходимлари фуқаро А.Ш.га тегишли дори воситаларини ноқонуний равишда олиб қўйганлиги тўғрисидаги видеолавҳа юзасидан Божхона қўмитаси муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолавҳада 22 октябрь, сешанба куни Тошкент халқаро аэропортида «Деҳли—Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган фуқаро А.Ш. божхона назоратидан тезроқ ўтиш мақсадида «яшил» йўлак орқали ҳаракатлангани акс этган.
«Аммо, йўловчининг қўл юклари ва йўл сумкалари назорат тартибида замонавий сканер қурилмалари ёрдамида божхона кўригидан ўтказилганида, божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва йўловчи томонидан тақдим қилинган шифокор рецептида кўрсатилмаган 11 турдаги дори воситалари борлиги аниқланган. Хусусан,
- Псориазга қарши «Метоксален» дори воситаси — 59 дона;
- Оғриқ қолдирувчи «Диклофенак» дори воситаси — 39 қути;
- Инфекцияга қарши «Клиндамицин фосфат» антибиотиги — 44 қути;
- Пигментларга қарши «Пигменто» суртмаси — 31 қути;
- Бўй ўстирувчи Height grow дорилари — 48 та конвалюта;
- Гепатитга қарши кучли «Энтавир» дори воситаси — 37 қути;
Маълум қилинишича, дориларнинг ички бозордаги нархлари ўрганилганда уларнинг умумий ўртача нархи бир неча ўн миллион сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро А.Ш. томонидан берилган тушунтиришда мазкур дори воситаларини у «Деҳли» халқаро аэропортидаги нотаниш аёлнинг илтимосига кўра, Ўзбекистонга олиб келаётганлигини маълум қилган.
«Видеомурожаатда эса, фуқаро «жигар сиррози» билан оғриганлиги сабабли ушбу дори воситаларини олиб ўтганлигини маълум қилган. Ваҳоланки, юқорида санаб ўтилган дори воситаларининг аксарияти ушбу касалликни даволашга мўлжалланмаган.
Божхона кўригидан сўнг фуқаро А.Ш.га шифокор рецептида кўрсатилган барча дори воситалари ҳеч бир монеликсиз қайтарилган.
Ўз навбатида, Давлат божхона қўмитаси фуқаролардан божхона қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилишларини сўраб қолади ва уларнинг қонуний ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича яқиндан ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади», — дейилади Божхона қўмитаси хабарида.
Изоҳ (0)