Футбол бўйича Италия А Сериясининг 9-тури доирасида 26 октябрь, шанба куни навбатдаги 2 та беллашув бўлиб ўтди.
Маурицио Сарри қўл остидаги Туриннинг «Ювентус» клуби сафарда «Лечче»га қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг 50-дақиқасида «кекса синьора» ҳужумчиси Пауло Дибала 11 метрлик жарима зарбасидан ҳисобни очган бўлса, орадан 6 дақиқа ўтиб мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Марко Манкозу ҳам пенальтидан Войчех Шченсни қўриқлаётган дарвозани аниқ нишонга олиб ҳисобни тенглаштирди.
Шу тариқа ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди ва томонлар бир очкодан бўлишиб олди.
Қайд этиш жоиз, Турин клуби 23 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Лечче» эса 8 очко билан 16-ўринни эгаллаб турибди.
Шу куни Антонио Конте бошлиқ Миланнинг «Интер» жамоаси ўз майдонида «Парма» клубини қабул қилди.
Ўйин давомида «нерадзуррилар» аъзолари Антонио Кандрева (23) ҳамда Ромелу Лукаку (51) биттадан голга муаллифлик қилган бўлса, меҳмонлардан Янн Карамо (26) ва Жервиньо (30) ўз ҳисобига биттадан голни расмийлаштириб қўйди.
Натижада миланликлар ўз уйида кечган баҳсда «Парма» билан 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
Маълумот учун, «Интер» 22 очко тўплаб, мусобақа жадвалида иккинчи ўринни банд қилиб турибди. «Парма» эса 13 очко йиғиб 7-ўриндан жой олди.
А Серия
9-тур баҳслари
26 октябрь, шанба
«Лечче»—«Ювентус» 1:1
Голлар: 0:1 — 50, пенальти Дибала, 1:1 — 56, пенальти Манкозу«Интер»—«Парма» 2:2
Голлар: 1:0 — 23 Кандрева, 1:1 — 26 Карамо, 1:2 — 30 Жервиньо, 2:2 — 51 ЛукакуЯнада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)