АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Туркия Суриядаги вазиятни тартибга солишда Россия билан эмас, балки НАТО билан ҳамкорлик қилиши лозимлигини таъкидлади, деб хабар берди «ТАСС».

Фото: Newsland

Пентагон раҳбари ушбу мавзуни Брюсселда Маршаллнинг Германия фондида Шимолий Атлантика альянсига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари учрашуви олдидан журналистлар билан муҳокама қилди.

«Туркия нотўғри стратегия йўналишида ҳаракатланмоқда. Анқара Россиядан кўра НАТО билан ҳамкорлик қилса, мақсадга мувофиқ бўлади», — дея журналистларнинг Анқара ва Москванинг Суриядаги вазият бўйича ҳамкорлиги ҳақида берган саволига жавоб қайтарган Эспер.

Шунингдек, у Россия ҳамда Туркия ўртасида имзоланган меморандумни Москванинг катта дипломатик ютуғи деб ҳисобламоқда.

«Россия ушбу келишувдан қанчалик манфаатдор бўлишини вақт кўрсатади», — дейди АҚШ мудофаа вазири.

17 октябрда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ вице-президенти Майк Пенс билан музокаралардан кейин Сурия шимоли-шарқида 9 октябрда бошланган «Тинчлик булоғи» ҳарбий операциясини 120 соатга тўхтатишни келишиб олган. Ўт очмаслик шарти бўйича ушбу муддатда «Сурия демократик кучлари» курд қўшини қочоқлар учун «хавфсиз зона» ташкил қилиниши мўлжалланган ҳудудни тарк этиши белгиланганди.

22 октябрда Сочи шаҳрида Россия ва Туркия давлат раҳбарлари ўртасида Суриядаги вазият муҳокамасидан кейин Москва ҳамда Анқара «Тинчлик булоғи» ҳарбий ҳаракатларини яна 150 соатга тўхтатиш, муддат тугагач эса мамлакатда қўшма патрул тадбирларини ўтказиш ҳақида меморандум имзолаган. Меморандумга асосан ишлаб чиқилган харитага кўра Сурия қўшинлари Туркия билан чегара ҳудудларига 15 та пост жойлаштириши белгиланган.