Ҳиндистоннинг энг йирик кинокомпанияларидан бири ҳисобланган Panorama Studios Ўзбекистонда «Кҳуда Ҳаафиз» номли романтик жангари фильмни суратга олиш ишларини бошлади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Фильм режиссёри сифатида Фарук Кабир иштирок этмоқда. «Кҳуда Ҳаафиз» фильмини суратга олишда қатнашиш учун Ҳиндистондан 130 киши ҳамда АҚШ, Россия ва қатор Европа мамлакатларидан 30 киши Ўзбекистонга келган.

Шу билан бирга, ижодий жараёнда Ўзбекистондан ҳам 1000 дан зиёд киши — актёрлар, техник ходимлар жалб қилинмоқда. Ўзбекистондаги суратга олиш ишлари бюджети бир миллион долларга яқинни ташкил қилиши кутилмоқда. Фильм Тошкент ва Хива шаҳарларида суратга олинади. Шундан сўнг ижодий гуруҳ ўз ишини Ҳиндистонда давом эттиради.