Тошкент вилояти божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ноодатий божхона қонун бузилиши фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Тадбир давомида Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан ўтувчи давлат чегараси яқинида турган Spark русумли автомашина божхоначилар эътиборини тортди ва автоулов ҳамда унинг ичида ўтирган фуқаролар Ф.У. ва Ж.С. белгиланган тартибда холислар иштирокида назоратдан ўтказилди.
Натижада автомашина салонида ноёб орангутан турига мансуб маймун боласи борлиги маълум бўлди.
«Шунингдек, фуқаро У.Ф. божхоначиларни пайқаши биланоқ уддабуронлик билан машина ёнига улоқтирган тамаки қутиси ҳам текширилди.
Текширув жараёнида тамаки қутисида 0,36 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Фуқаро Ж.С.га тегишли сумкада эса 4 дона турли дори воситалари борлиги ҳам маълум бўлди», — дейилади хабарда.
Қонунбузардан олинган маймун боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)