Telegramдаги «СизданTelegram» каналига 11 октябрь, жума куни жойлаштирилган «Жанжал пайти ИИБга қўнғироқ қилдик, аммо ҳеч ким келмади» номли видеолавҳага Ички ишлар вазирлиги муносабат билдирди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра, ҳақиқатан ҳам 9 октябрь, чоршанба куни тахминан соат 21:00 ларда Бухоро туманида жойлашган «Паризод» тўйхонасининг ҳовлисида бир неча одам гап тортишиб, баланд овозда шовқин қилган. Ушбу ҳолат номаълум шахс томонидан «Жанжал давом этса-да, ички ишлар ходимларидан дарак йўқ» мазмундаги гаплар билан тасвирга туширилган.
Мазкур ҳолат тўй маросимига қатнашаётганларнинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида содир этилганлиги, унинг оқибатида ҳеч кимга тан-жароҳати етмагани ҳамда тортишув содир бўлганлиги ҳақида бирор бир фуқаронинг ички ишлар органларига мурожаат қилмаганлиги аниқланди.
«Ўз ўрнида, фуқароларимиздан шу каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлганда бефарқликка йўл қўймасдан, «томошабин» сифатида воқеани кузатиб турмай, зудлик билан «102» телефон рақами орқали ёки воқеа жойига яқин бўлган ички ишлар органларининг бўлинмаларига мурожаат қилишларини сўраймиз», — дейилади вазирлик ахборотида.
Изоҳ (0)