10 октябрь, пайшанба куни Нобель ҳафталигининг тўртинчи кунида швед академияси аъзоларидан иборат мукофот қўмитаси адабиёт соҳасидаги лауреатларни эълон қилди.

Ёдингизда бўлса, қўмита вакиллари орасидаги ихтилоф туфайли 2018 йилда адабиёт бўйича мукофот эгаси аниқланмай қолган эди. Шу сабабли Стокгольмда бугун бирваракайига иккита Нобелчи номи янгради. Улардан биринчиси 2018 йил ҳисобидан «Чегараларни кесиб ўтиш жараёнини ҳаёт шаклларидан бири сифатида энциклопедик иштиёқ билан ёритилганлиги учун» таърифи билан полшалик адиба Ольга Токарчук бўлса, иккинчиси жорий йил ҳисобидан «Лингвистик ихтирочилик ила инсон борлиғининг чегаралари ва ўзига хосликларини тадқиқ қилгани учун» таърифи билан австриялик ёзувчи Петер Хандкедир.

Фото: Google Images

Ольга Токарчук 1962 йилда Сулехов шаҳрида туғилган, ҳозирда Врославда истиқомат қилади. Ўқитувчилар оиласида туғилиб ўсган. Отаси мактабда кутубхоначи бўлган. Айнан отаси ишлаган кутубхонада у имкони ва вақти етган даражада барча китобларни мутолаа қилиб чиққан ва шу жойда унинг адабиётга бўлган иштиёқи шаклланган. Варшава университетида психология бўйича таълим олгач, илк бора 1993 йилда фантаст-ёзувчи сифатида адабиёт майдонида дебют қилган. Унинг илк асари «Китоб — одамларнинг саёҳати» деб номланган. Адибани машҳур қилган асар эса 1996 йилда нашрдан чиққан бўлиб, «Ибтидоий замон ва бошқа пайтлар» (Prawiyek i inne czasy) деб номланган. Роман жуда юксак бадиий тасвирий маҳорат билан ёзилган бўлиб, унда 1989 йилдан кейинги янги даврдаги Польша халқи ҳаёти жуда ажойиб ёритилган.

Токарчукнинг ҳозирда энг машҳур асари «Иаков китоблари» деб номланган тарихий роман бўлиб, 2014 йилда катта шов-шув билан Шарқий Европада қўлма-қўл бўлиб ўқилган.

Фото: Google Images

Австриялик ёзувчи Петер Хандке 1942 йилда Австриянинг жанубида жойлашган Гриффен қишлоғида туғилган. 1961 йилда Грац университетига ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича ўқишга кирган. Бироқ ўқишни якунига етказмай, университетни ташлаган. Унинг илк асари 1966 йилда нашрдан чиққан «Diye Hornissen» номли роман бўлган. Кейинчалик 1969 йилда унинг «Publikumsbeschimpfung» (Аудиториянинг ҳақоратланиши) номли асари ҳатто саҳналаштирилган. Хандке Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр Европа адабиётида энг кўзга кўринган арбоблардан саналади. Ўтган эллик йилга яқин муддатда унинг жуда кўп жанрларни қамраб олувчи асарлари бутун Европа адабиётига кучли таъсир кўрсатган. Хандке библиографиясида драматик асарлар ҳам, романлар ва тарихий йўналишдаги асарлар ҳам бор. Унинг эсселари ва сценарийлари ҳам ўз мамлакатида жуда машҳур бўлган.