Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Германиянинг таълим ва тадқиқотлар бўйича федератив вазирлиги билан ҳамкорликда 7 октябрь куни Германияга юборилган ёш олимларни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Набижон Қосимов қабул қилди. Бу ҳақда «Дарё»га Инновацон ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Набижон Қосимов учрашув доирасида, Ўзбекистон—Германия техник университети ташкил этилиши ҳақида маълум қилган. Унга кўра, олмон таълим тизими жорий этилиши кутилётган университетда ўзбек ёшлари ва қўшни давлат фуқаролари билим олиши мумкин бўлади.
Тадқиқотчилар малака оширишнинг биринчи куни Бют амалий фанлар университети ҳамда Лэйбниц илмий ассоциациясига ташриф буюрган.
Бют университетида уларни илмий тадқиқотлар бўйича вице-президент профессор Кохлер кутиб олиб, университет билан таништирган. Ёш олимлар университетдаги стартап-инкубаторлар, илмий-текшириш лабораториялари, грантлар тизими ҳақида ҳам маълумот олган.Олимлар гуруҳи куннинг иккинчи ярмида Лэйбниц ассоциациясида бўлиб, профессор Вероника Таннер билан учрашган.
Маълумот учун, Лэйбниц ассоциацияси 95 та мустақил илмий муассани ўз ичига олади. Ассоциация аъзолари гуманитар ва таълим, иқтисод, ижтимоий фанлар, табиий фанлар, математика ва муҳандислик ҳамда атроф муҳит муҳофазаси йўналишларида иш олиб боради. Мазкур сексияларнинг асосий вазифаси ҳамкорлик ва тажриба алмашиш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Изоҳ (0)