Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманида жойлашган вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни ўқитишга ихтисослашган мактаб интернатидаги шароитлар юзасидан «Xabar.uz»га мурожаат келиб тушган.

Фото: «Xabar.uz»

Мурожаатда маълум бўлишича, мактабда бола сони кўп, ётиш учун жой етишмовчилигидан болалар кутубхонада, полга кўрпа тўшаб тунашга мажбур бўлишмоқда.

Шунингдек, совуқ кунларда ётоқхона ва синфхоналарни иситиш жуда суст. Ўтган йили совуқ хоналарда дарс машғулотлари олиб борилган. Маълум бўлишича, текширувлар вақтидагина синф хоналари иситилади, бошқа вақтларда яна ўша эски аҳвол давом этади.

Фото: «Xabar.uz»

«Болалар учун ўйин майдончаси, спорт зали, ҳаммом, ўқитувчилар хонаси, маънавият хонаси, ёшлар етакчиси хонаси, айрим фан хоналари, тадбирлар зали ҳам йўқ. Ошхона жуда кичик. Бу муаммоларнинг бир қисми холос», — дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, Нишон марказий шифохонасида кўп беморлар коридорда ётгани, Қашқадарёдаги асаб-руҳий касалликлар шифохонасида эса беморлар учун жой танқислиги сабабли 4 кишига мўлжалланган хоналарда 8 нафар бемор ётиб даволанаётгани аниқланганди.