Ахборот майдонида шу кунларда кенг муҳокама қилинаётган масала мустақил Ўзбекистон тақдири учун катта аҳамият касб этувчи жиддий масала – Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши ёки қўшилмаслиги, бу қарорнинг салбий ва ижобий тарафлари атрофидаги гаплар бўлмоқда-ки, бу ҳақда деярли барча мутахассислар-у блогерлар ўз фикрини ёзмоқда. «Дарё» бу ҳақда машҳур блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари ёзган постларни бир ерга тўплади.

Иқтисодчи, блогер Беҳзод Ҳошимов Telegram-каналида ёзмоқда:

Евросиё Иттифоқига кириш ҳал бўлган масала эмас. Бу ҳақда қарор ҳали йил охирида қабул қилинар экан. Шунинг устида ишчи гуруҳ ишлаяпти. Россия томонидан ишчи гуруҳга РФ бош вазири ўринбосари Силуанов вакиллик қилмоқда. Нима учун Матвиенко бизнинг Олий Мажлисдаги учрашувда бу масала ҳал бўлган деганини мен билмайман. Балки музокаралар олиб бориш усулидир. Эҳтимол, ўз хоҳишини факт сифатида айтган. Билмадим.

Лекин Россия матбуотга бу ҳали-бери келишиб бўлинмаган масала деб тушунтириш киритиб ўтди. Сиёсий қарорни ҳали Ўзбекистон айтмаган деб ҳам айтди.

* * *

Бундай масалалар бўйича доим биринчилардан ўзининг асосли фикрларини келтирувчи «Davletov.uz» канали сўровнома қўйди:

Скрин: «Дарё»

* * *

Халқаро иқтисодчи Азиза Умарова ўзининг «Азиза Умар кундалиги» каналида атрофлича фикр билдирган:

Рамзий маънода муҳим бўлган шундай хабарни Россия сиёсатчисининг Россия нашрларига гапирган гапидан билиб олмоқдамиз. Айнан ташкилотнинг ичида низолар авжига чиқаётган пайтда. Беларусь Минскда «Эльза океани» украин гуруҳи концертини қўйди ҳамда Украина–Россия чегарасини назоратда сақлаб, Донбассга тинчликпарвар кучларни киритишни таклиф қилди. Қирғизистон бўлса Россия билан ЕОИИда меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари чегаралангани учун талашмоқда. Агар қирғизистонликлар учун пул ўтказмаларининг чегараланган миқдори 100 минг рубль бўлса, Қозоғистон фуқаролари учун 150 минг рубль, Арманистон фуқароларига эса миллион рублдир. Беларусь ва Қозоғистондаги иқтисодий аҳвол ҳар доимгига нисбатан қувонарли ҳолатда эмас.

Биз ҳам россиялик ишлаб чиқарувчиларнинг халқ истеъмоли молларини индамайгина истеъмол қилиб, ўтказилаётган ҳар бир санкцияда ва рубль қийматининг тушишидан аста-секинлик билан «ўлиб борамиз».

Биз ҳаттоки, россияликлар билан музокара олиб бора олишда зарур салоҳиятга эга бўлган етарлича кадрларга эга эмаслигимиздан хавотирдаман. Ўз фойдамизга маҳсулот экспорт қилиш учун техник регламентларни ҳам талаб қилишни билмаймиз.

ЕОИИга кирсак, ортимиздан Тожикистон ҳам киради. Ортга эса ҳеч қандай йўл йўқ.

Тинчгина ажралиш, тинч йўл билан тарқалиш имконсиз. Барча қарорлар бир мамлакат томонидан қабул қилинади ва бу бизнинг мамлакат бўлмайди. Иттифоққа кириш — бу қайтиш имкони йўқ чипта сотиб олишдир. Ассалом, Совет Иттифоқи. Бу менинг тенгдошларим энг кам умид қилган, энг кам кутган воқеа эди.

* * *

Таниқли блогер Муҳрим Аъзамхўжаевнинг  каналида  эълон қилинган пости ҳам диққатга сазовор:

Россия давлат пропаганда машиналари Россия Сенати раиси Валентина Матвиенконинг тилидан шундай иқтибос келтирмоқда:

«Биз Ўзбекистон Президенти қарор қабул қилганидан ва ҳозирда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласи ишлаб чиқилаётганидан хабардормиз».

Россия, иттифоқ... Россия бошчилигидаги аввалги тарихий иттифоқ 1932 йилда тузилган, Ўзбекистон эса унга 1925 йилда қўшилган (ёки қўшиб олинган) эди. Тарих такрорлардан иборат?

Қани энди тарихнинг фақат яхши саҳифалари такрорланса...

P.S.: Хўш, Green Card ўйнайсизми-йўқми? Ҳали ҳам қизил паспорт олмадингизми?

* * *

Блогер Қаҳрамон Асланов бу мавзуни бошқа ракурсдан «Аслановдан иқтибослар» каналида  зўр ўхшатиш билан тушунтириб берди:

Матвиенко Ўзбекистон Евросиё иттифоқига киришга рози бўлгани ҳақида айтиб юборди. Бу кўпчиликка ёқмади, нега энди юртимизга тегишли қарорни Россия Федерация кенгаши раисидан эшитишимиз керак?

Мен Ўзбекистон ҳали бу иттифоққа киришга узил-кесил рози бўлмаган, деб ўйлайман. Матвиенконинг чиқиши у томонидан сурбетлик ҳамда Ўзбекистонга қилинган ўзига яраша босим бўлса ҳам, бошқа томондан фойдали. Яъни биз бу иттифоқ ва унга кириш қарори ҳақида бемалол позициямизни айта оляпмиз – кириб бўлгач ёки Президент фикрини айтиб бўлгач, бу бироз қийинроқ бўларди, менимча.

2001 йилда «Рома» мураббийи Фабио Капелло клуб раҳбари Сенсидан Батистутани сотиб олиб беришни сўрайди. Аммо ҳужумчининг нархи қимматлигидан Сенси бунга рози бўлавермайди. Шунда Капелло айёрлик қилади – матбуотда клуб Батистутани қўлга киритишга яқин эканини айтиб юборади.

Натижада ҳақиқий бомба портлайди – барча бу ажойиб трансфер эканини айтади, мухлислар эса плакатлар билан намойиш уюштириб, Сенсига миннатдорлик изҳор қила бошлайди. Сенсида ҳужумчини сотиб олишдан бошқа чора қолмайди.

Ўзбекистонга босим қилмоқчи бўлган Матвиенко, қайсидир маънода, тескари фикрли жамоатчилик босими пайдо бўлишига ҳам сабабчи бўлди. Қайси бирини танлаш эса...

* * *

«Бугуннинг гапи» канали асосчиси Ғайрат Йўлдош ҳам Евросиёга қўшилмаслик тарафдори эканини тушунтириб ёзди:

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишига мутлақо қарши бўлган асосий гуруҳ эса асосан Россия билан мувозанат сақлаб муомала қилиниши лозимлигини, Россияга хоҳ сиёсий, хоҳ иқтисодий яқинлашиш яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида фикр билдиряпти. Мен ҳам ана шу 3-гуруҳга қўшиламан ва Россия билан хоҳ иқтисодий, хоҳ сиёсий тарзда ўта яқинлашиш яхши оқибатларга олиб келмайди деб ҳисоблайман.

Умуман олганда, ЕОИИ асосан Россия манфатлари учун тузилган ташкилот ҳисобланади ва ўрни келганда Россия ҳатто ўз иттифоқчилари билан ҳам ғирром ўйин қилади. Масалан, бир пайтлар Беларусь Евроиттифоқ ва АҚШ санкцияларига учраганда уларда ишлаб чиқарилган маҳсулот ЕОИИ доирасида Россиядан Беларусга эркин кириб келаверди. Аммо 2014 йилда Россия–Украина можароси бошлангандан кейин Евроиттифоқ ва АҚШ Россияга қарши иқтисодий санкция эълон қилганида Россия ҳам уларга қарши санкция эълон қилди ва Евроиттифоқ ҳамда АҚШ маҳсулотларини Россияга киришига тақиқ қўйди. Ўша пайтда Туркия Россиянинг самолётини уриб туширди ва икки мамлакатнинг муносабатлари анча совуқлашди, бунинг ортидан Россия Туркия маҳсулотларига ҳам тақиқ қўйди. Шунда беларуслик тадбиркорлар Польша орқали Евроиттифоқда тайёрланган турли маҳсулотларни, Туркия қуруқ ва ҳўл меваларини Беларусга олиб кириб, сўнг уларни Россияга ўтказа бошлади. Россия эса ЕОИИ шартларини қўпол тарзда бузиб, Беларусь билан ўзаро чегараларга божхона назорат пунктларини қайта ташкил этди. Ўшанда Лукашенко Россиядан анча дарғазаб бўлди ва бу ҳақда бир нечта интервьюлар берди.

Бошқа ғирромликлар ҳам бор.

Умуман олганда, мен Ўзбекистоннинг нафақат Россия, балки Хитой, АҚШ каби мамлакатлар билан ҳам ўзаро тенг ҳуқуқли иқтисодий ва сиёсий алоқалар ўрнатишини хоҳлайман. Бу иш қанчалик осон ё қийин билмайман, аммо бир нарсани биламан, Россия билан ўта яқинлашиш анчайин хавфли ва қачондир бироз ортга қайтмоқчи бўлинганда Россия шунчаки ўйиндан ўт чиқариши мумкин.

Эсларингда бўлса, 2005 йилда АҚШ Қаршидаги Хонобод базасидан индамай чиқиб кетди. Агар ўшанда АҚШ ўрнида Россия бўлганида, менинг тахминимча, тинч чиқиб кетмасди. Сабаби, Россия ўшанақа ҳолатларда тинч чиқиб кетиб ўрганмаган. Шу туфайли ҳам бугун Молдовада Принестрове, Украинада Донбасс, Грузияда Абхазия ва Жанубий Осетия, Озарбайжонда Тоғли Қорабоғ нотинч қоляпти.

* * *

Долзарб мавзуларда атрофлича постлар ёзувчи Бакироо канали бу иттифоққа мутлақо қаршилигини билдирди:

Ён қўшнилари, мазҳаби бир Грузиянинг учдан бир, Украинанинг қарийб бешдан бир қисм ҳудудини босиб олган, Донбассда гибрид урушда ўн минглаб одамларни (улар орасида минглаб болалар бор) ёстиғини қуритишда давом этаётган, Европадан тортиб Қўшма Штатларгача бўлган давлатларда демократик институтлар ва сайловларга бузғунчилик, қўпорувчилик ва ҳатто қотиллик билан аралашаётган, Черногория, Македонияда давлат тўнтаришига уриниб кўрган, Европадаги барча ўта миллатчи ва фашистик кучларга, бутун дунё бўйлаб энг баттол диктаторларга ҳомийлик қилаётган, «тинчликпарвар» дея қўшинларини олиб кирган ҳудудларда ҳеч қачон тинчлик ўрнатилишига йўл бермайдиган, халқаро ҳуқуқни очиқчасига бузишдан тап тортмайдиган, инсоният тарихидаги энг катта жиноятлардан бири бўлган ва Иккинчи жаҳон урушига йўл очган Риббентроп–Молотов пактини оқлайдиган давлат етовидаги иттифоқ таркибига, у қандай ном билан аталмасин, киришга мен рози эмасман. Менинг болаларим ҳам рози бўлмайди.

Умуман олганда, ўзбекистонлик зиёлилар ёзганларидан умумий хулоса қилиб билиш мумкин-ки, жамоатчилик  Ўзбекистоннинг Евросиё иттифоқига қўшилиши мамлакатга фақат зиён келтиришини таъкидламоқда.