Барселонада бўлиб ўтаётган Европа тиббий онкология жамияти конгрессида Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Ўз йўналиши бўйича халқаро миқёсдаги ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг юздан ошиқ давлатидан 30 минг нафардан ортиқ таниқли онколог олимлар, шифокорлар қатнашмоқда.
Мазкур халқаро конгресс ташкилотчиси — Европа тиббий онкология жамияти (ESMO) ўз сафига онкология, гематология, патоморфология, кимё ва нур терапияси каби соҳалар бўйича олимлар ва малакали шифокорларни жамлаган дунёдаги етакчи ташкилотдир. Ўзбекистон онкологлари ушбу нуфузли халқаро ташкилотга 2017 йили аъзо бўлган.
Йирик халқаро тадбир доирасида замонавий онкологиянинг долзарб масалалари бўйича қатор анжуман, мулоқот ва маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Мазкур нуфузли халқаро конгресс доирасидаги анжуманларда Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам илк бор сўзга чиқиб, мамлакат онкология хизматининг бугунги ҳолати, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан тақдимот ўтказди. Олимларнинг ушбу чиқиши хорижлик мутахассислар томонидан қизиқиш билан кутиб олинди ва Ўзбекистонда онкология хизматини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо берилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов ўз чиқишида таъкидлаганидек, дунёда ҳар йили 15 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Ўзбекистонда эса 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Ушбу муаммонинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда кейинги уч йил ичида тиббиётнинг барча бўғинлари каби онкология хизматини тубдан такомиллаштириш, бу йўналишда кўрсатилаётган тиббий ёрдамни жаҳон андазалари даражасига олиб чиқиш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда онкологик касалликларни ташхис қилиш ва даволашнинг замонавий стандартлари клиник амалиётга тадбиқ этилган.
Кейинги йилларда онкология муассасаларини давлат бюджетидан дори-дармон билан таъминлаш кўрсаткичи яхшиланди ва 90-95 фоизга етказилди.
Ҳозирги кунда олимлар ва шифокорлар бу йўналишда дунёнинг тиббиёти тараққий этган қатор йирик илмий-амалий марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳар йил 50 нафардан кўпроқ онколог мутахассислар Россия, АҚШ, Корея, Туркия, Польша, Ҳиндистон, Беларусь ва бошқа хорижий давлатларнинг етакчи илмий-амалий тиббиёт марказларида малака ошириб келмоқда.
Изоҳ (0)