«Ўзстандарт» агентлиги ташаббуси билан тижорат стандартларини илгари суриш юзасидан Марказий Осиё давлатлари ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га «Ўзстандарт» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув иштирокчилари бажарилган ишлар натижасини сарҳисоб қилиб, ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчилар орасида UNECE стандартлари соҳасидаги билимларни ошириш бўйича стратегия ва қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиққан.
Шунингдек, Марказий Осиёдан миллий ва минтақавий маҳсулотларни «Географик кўрсаткичлар» орқали биргаликда тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинган.
Маълумотга кўра, Марказий Осиё ишчи гуруҳи бизнес-ҳамжамият, стандартлаштириш идоралари ҳамда халқаро ташкилотлар кўмагида тузилган. Унинг доирасида рақобатбардошликни таъминлаш, мева-сабзавотларни ташқи бозорга олиб чиқиш учун БМТ ЭИК сифат стандартларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалаларда ечим топиш имконияти пайдо бўлган.
Қўшимча қилинишича, халқаро стандартлар қаторида Европа, АҚШ ва Осиёда тан олинган жаҳон бозорлари томонидан талаб қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маркетинг ва савдо назорати билан боғлиқ бўлган БМТ ЭИК тижорат стандартлари алоҳида ўрин эгаллайди.
Марказий Осиё мамлакатлари халқаро стандартлаштириш жараёнларида фаол иштирок эта бошлаган ва ишчи гуруҳ фаолияти БМТ ЭИК томонидан тан олинган.
Аввалроқ «Ўзстандарт» агентлиги Хитойнинг Стандартлаштириш Администрацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйгани ҳақда хабар бергандик.
Изоҳ (0)