23 сентябрь, душанба куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси, Буюк Британия Бирлашган ҳамда Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Вазирлар Маҳкамаси Котибияти ўртасида англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари ходимларининг малакасини оширишга йўналтирилган бир қатор маслаҳат ва семинарлар ўтказилади.
Шунингдек, мамлакатда стратегик алоқаларни ривожлантиришда тажриба алмашиш ва қўллаб-қувватлаш, маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, асосий вазирлик, ташкилот ахборот хизмати ходимларининг салоҳиятини ошириш ва давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган семинар ҳамда бошқа тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган.
Қўшимча қилинишича, семинарлар АОКА анжуманлар залида Буюк Британия Бирлашган ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Вазирлар Маҳкамаси Котибияти мутахассислари билан биргаликда ўтказилади. Тадбирлар идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, компаниялар олиб бориш, стратегик алоқалар, рақамли эшиттиришлар, ОАВ ва коммуникацияларни режалаштириш ишларига бағишланади.
Изоҳ (0)