Сhristie’s аукисонлар уйи Бэнкси суратларининг катта онлайн-аукционини ўтказди. «Бэнкси: Мана шу аҳмоқона асарларни сиз аблаҳлар сотиб олишингизга ишонмайман» деб номланган савдоларда муаллифнинг 30 та тасвирий санъат асари сотувга қўйилган. Улар сотувидан жами 1,122 миллион фунт стерлинг даромад кўрилган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

«Пуфакли қиз» (пуфак олтинранг тусда тасвирланган нусха)
Фото:EPA

Савдоларда энг қиммат лот «Пуфакли қиз» асарининг пуфак олтинранг тусда тасвирланган камёб нусхаси бўлди. Ушбу асар 395 минг фунт стерлингдан қимматроққа сотилди. Савдолар бошлангунга қадар ташкилотчилар ушбу суратдан 284,5 минг фунт даромад қилишни кўзлаган экан.

Юракча шаклидаги пуфаги учиб кетаётган қизалоқ нафақат аноним рассомнинг шедевр асари, балки Буюк Британия рамзларидан бири ҳисобланади. Қизалоқ тасвирланган граффитилар илк бор 2002 йилда Лондоннинг бир йўла икки жойида пайдо бўлганди. Олтинранг тусдаги пуфак тасвирланган ва Сhristie’s’да сотилган асар Бенкси томонидан 2004 йилда чизилган.

2018 йил октябрида «Пуфакли қиз» сурати (пуфак ранги қизил бўлган нусха) Sotheby’s аукционлар уйи томонидан сотувга қўйилган эди. Лот 1,04 миллион фунтга сотилганидан кейин асарни ўраб турган ромдаги қиймалагич ишга тушиб, картина аукцион иштирокчилари кўз ўнгида ўзини-ўзи йўқ қилишни бошлаганди.

«Пуфакли қиз» сурати (пуфак ранги қизил бўлган нусха)
Фото: Meduza