Испания ғарбидаги сунъий кўл тубидан қарийб эллик йил деганда «маҳаллий Стоунхенж» яна бўй кўрсатди. Бу қарийб 7 минг йиллик тарихга эга бўлган тош устунлари бўлиб, у ОАВда «испан Стоунхенжи» ҳам дейилади.
Испан Стоунхенжи ёки, маҳаллий тилда айтганда, Дольмен Гуадальпераль тахминан 1,8 метр ва ундан юқори баландликка эга бўлган 150 та тик турувчи тош устунларидан иборат улкан доира шаклидаги жойдир. Археологларнинг фикрича, бу тошларни одамлар милоддан 4–5 минг йиллар аввал барпо қилган экан. Агар бу рост бўлса, демак, Дольмен Гуадальпераль Англиядаги ўша машҳур Стоунхенж ёдгорлигидан ҳам қадимийроқ экани ойдинлашади. Эслатиб ўтамиз, Стоунхенж милоддан аввалги 2440–2100 йиллар орасида тикланган.
Испаниядаги тарихий тош устунларни Вальдеканьяс сув омбори ўз домига тортган бўлиб, уни фақат ҳавзадаги сув сатҳи пасайгандагина кўриш мумкин бўлади. Охирги маротаба Вальдеканьясда сув сатҳи бундан 50 йил муқаддам шу даражада пастлаган эди. Кейинги йилларда эса Дольмен Гуадальпераль тош устунларини биров кўрган эмас. Бироқ 2019 йил ёзи кўп мамлакатларда бўлгани сингари Испанияда ҳам ўта иссиқ (рекорд даражада) ҳамда қурғоқчил бўлгани сабабли Вальдеканьяс кўлидаги сув сатҳи кескин пасайган. Натижада Дольмен Гуадальпераль тош устунлари яна сув остидан бўй кўрсатди.
Эҳтимол, бу тош устунлар устида қачонлардир улкан плита шифт сифатида ўрнатилган бўлса керак ва унинг ичида қадимги одамлар қандайдир маросимларни бажарган бўлишса эҳтимол.
Тошларнинг бирида, аниқроғи, уларнинг энг каттасида одам танаси шакли ўйиб чизилган. Катта эҳтимол билан бу Дольмен Гуадальпераль ичкарисига кириш эшигининг белгиси бўлган бўлса керак. Унга қарама-қарши тарафдаги тошда эса қандайдир тушунарсиз эгри-бугри чизиқ бор. Бу ҳақда олимларда икки хил тахмин мавжуд. Улардан бирида бу эгри чизиқ илонни ифодалаган дейилса, иккинчи фикр анчайин прагматик бўлиб, у кўлга яқин ҳудуддан оқувчи Тахо дарёсини билдиради дейилади. Иккинчи тахмин тўғри бўлса, демак, Дольмен Гуадалпералдаги бу ўйилган расм тарихдаги илк харита ҳам бўлиши мумкин.
Испан Стоунхенжи илк бора 1920-йилларда аниқланган эди. Бироқ бу ҳақдаги илк илмий маълумотлар 1960-йилларга келибгина пайдо бўлган. Афсуски, бу пайтга келиб бебаҳо тарихий ёдгорлик бўлган ушбу тош устунларни сув босиб бўлган эди. Чунки улар турган ҳудудда диктатор Франко буйруғи билан сунъий кўл ташкил қилинган ва тўғон қурилиб, тош устунлар чўктириб юборилган. Ҳозирда бу тўғон орқали маҳаллий ГЭСга сув очилади.
Тўғон қурилганидан буён баъзи қурғоқчил йиллар тош устунларнинг энг юқори қисми сал-салдан сув юзасида кўриниб қолар эди. Бироқ сув омборидаги сув сатҳи ҳеч қачон бу қадар пасаймаган. Ҳозирда сув шу даражада камки, Дольмен Гуадальпераль тошлари таг-туги билан намоён бўлмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, кузги ва қишки ёғингарчилик тез фурсатда яна кўлни тўлдириб қўяди ва тошлар яна сувга чўмади. Маҳаллий аҳоли орасидаги фаоллар эса маъмурият билан келишган ҳолда вазиятдан фойдаланиб қолиш, яъни Дольмен Гуадальпералга сайёҳларни жалб этиш керак деган фикрларни илгари сурмоқда. Шунингдек, тошларни бошқа жойга кўчириш фикри ҳам ўртага ташланган. Бироқ археологларга бу фикр маъқул келмаяпти. Чунки кўчириш асносида бу тарихий обидага шикаст етишидан катта хавотир бор.
Изоҳ (0)