15 сентябрь, якшанба куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-тури доирасида сўнгги 2 та ўйин ўз ниҳоясига етди.
Шота Арвеладзе қўл остидаги Тошкентнинг «Пахтакор» клуби сафарда Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси билан баҳсга киришди.
Учрашувдаги ягона гол 27-дақиқада урилди. Унга «шерлар» ярим ҳимоячиси Достонбек Ҳамдамов муаллифлик қилди.
Натижада «Пахтакор» Наманганда «Навбаҳор» устидан 1:0 ҳисобида устун келди ва навбатдаги 3 очкога эга бўлди.
Мазкур ғалабадан сўнг мусобақа жадвалида етакчилик қилаётган «Пахтакор» очколари сонини 53 тага етказиб олди. «Навбаҳор» эса 25 очко билан 7-поғонада бормоқда.
Шу куни Самвел Бабаян бошчилигидаги Тошкентнинг «Локомотив» клуби ўз майдонида Бекободнинг «Металлург»ини қабул қилди.
Беллашувнинг 41-дақиқасида «темирйўлчилар» ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев ҳисобни очган бўлса, 64-дақиқага келиб меҳмон жамоа ярим ҳимоячиси Исломбек Исоқжонов ҳисобни тенглаштирди.
Шу тариқа тошкентликлар ўз уйида «Металлург» билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
Маълумот учун, «Локомотив» 36 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида 2-ўринда бораяпти. «Металлург» эса 24 очко билан 8-ўринни банд қилиб турибди.
Суперлига
19-тур баҳслари
15 сентябрь, якшанба
«Навбаҳор»—«Пахтакор» 0:1
Гол: 0:1 — 27 Достонбек Ҳамдамов«Локомотив»—«Металлург» 1:1
Голлар: 1:0 — 41 Ислом Тўхтахўжаев, 1:1 — 64 Исломбек ИсоқжоновЯнада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)