«Дарё»га келиб тушган мурожаатга биноан, Ўзбекистонда ҳарбий буюмлар билан савдо қилувчи дўконлар сони кўпайиб бормоқда. Мазкур масала бўйича контракт асосидаги ҳарбий хизматчи Арслон Сотволдиев «Дарё»га маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, Қуролли кучларга қарашли ҳарбий қисмлар ичида ҳарбий савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилган. Аммо бу дўконлардаги нархлар жуда баланд, бу эса республикада ноқонуний ҳарбий дўконлар сони кундан кунга кўпайиб боришига шароит яратмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрининг Янгиобод бозорида 80 дан ортиқ ноқонуний ҳарбий савдо растаси мавжуд. Уларда ҳарбий анжом-аслаҳа, кийим-кечак, ҳарбий моддий ва техник буюмлар савдоси олиб борилмоқда. Маълумотларга қараганда, харидорларнинг 80 фоизини ҳақиқий хизматдаги ҳарбийлар ташкил этяпти.
Масалан, ҳарбий қисмдаги савдо дўконида сотилаётган «Саламандра» этиги 130 минг сўм, «Окей» русумли кўзойнак эса 85 минг сўм туради. Худди шу этик Янгиобод бозорида 105 минг сўм, кўзойнак эса 58 минг сўм. Қўқон шаҳрида жойлашган Янгибозордаги 30 га яқин ҳарбий буюм дўконларида эса этиг нархи 110 минг, кўзойнак 65 минг сўм туради.
Таъкидланишича, ҳарбий қисмлар атрофида (республиканинг қарийб барча шаҳарларида) жойлашган баъзи уйларда ҳамда бозорларда ноқонуний ҳарбий буюмлар савдоси гуллаб-яшнамоқда.
«Янгибозордаги (Қўқон шаҳри) ҳарбий савдо расталарида ҳарбий буюм – ‘противогаз’, яъни газ ниқоби нархи билан қизиқдим – деди Арслон Сотволдиев. – Сотувчи аввалига газ ниқобининг нархи 25 минг сўм эканини, 500 тагача сотиб олсам, 15 минг сўмга тушириб беришини айтди. Ўйлаб кўрилса, бунча миқдордаги газ ниқоби ва ҳарбий моддий буюмлар чегарадан қандай тартибда олиб ўтилмоқда?
Янгиободдаги (Тошкент шаҳри) бир танишим пули кўп ҳарбий савдо билан шуғулланаётганлар ҳарбий юкларни тўғридан тўғри Хитой, Қозоғистон ҳамда Қирғизистондан олиб келишини, бошқалар эса Тошкент шаҳридаги Ўрикзор бозоридан ‘оптом’га олиб, кейин доналаб сотишини айтди.
Ёнимдаги ҳамкасбим эса ‘Демак, бир нечта ҳарбий бўлинмани Янгиобод бозорига олиб келиб, бошдан оёқ, биргина қуролдан ташқари экипировкаси билан кийинтириб кетса бўларканда’, дея ҳазил қилди. Аслида ҳам шундай».
Ўрганишлар натижаси ҳарбий соҳада ноқонуний савдо ривожланишига бир қанча омиллар сабаб бўлаётганини кўрсатади. Масалан, легал савдо дўконлари сони етарли эмаслиги, рақобат ва танловнинг йўқлиги бунга сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, ҳарбий қисмлардан ва чегарадан ҳарбий буюмлар қандай ўтиб кетаётганини номаълум.
Ҳарбий қисмлардаги дўконларга ҳарбий кийим-кечак ва буюмлар олдиндан тўлов асосида олиб келинади (аслида аксинча бўлиши керак). Бу тўловни ҳарбий савдо дўкони юритувчиси – тадбиркор тўлайди. Бундан ташқари, ҳарбий савдо дўконига эга бўлган тадбиркор 20 фоиз миқдорда солиққа тортилади. Шу билан тадбиркор икки ҳуқуқни қўлга киритади. Бири ҳарбий қисмда савдо қилиш, кейингиси эса – меҳнат дафтарчаси юритиш.
«Лекин аниқ айта оламан, қонуний фаолият юритаётганлардан ноқонуний тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этмоқда», – деб фикрини якунлади Сотволдиев.
Изоҳ (0)