«Дарё»да кеча, 12 сентябрда «Ургутлик эгизаклар эсингиздами? Улар яна озуқадан қийналмоқда, оила ёрдам сўрашга тортиняпти, мутасаддилар эса жим» номли мақола чоп этилди. Ургут туман ҳокимлиги ушбу мақолага ўз муносабатини йўллади.
«Дарё» 2 август куни «Cobalt’сиз қолган Шавкатбек, Зироатхон ва Саидахон. Ургутда туғилган эгизаклар нега эътиборсиз қолиб кетди?» сарлавҳаси остида Ургут тумани, Тўрткўл маҳалласига қарашли Қорачекман қишлоғида яшовчи Қўзибоевлар оиласида туғилган уч эгизак – Шавкатбек, Зироатхон, Саидахонларнинг эътиборсиз қолиб кетгани ҳақида мақола чоп этган эди. Анча баҳсли мавзуга бағишланган бу мақола қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Шунингдек, туман ҳокимияти томонидан муаммони ҳал этиш бўйича муайян чоралар кўрилди.
Аммо эски мавзуга қайтиб, эгизаклар ҳолидан хабар олинганида оила яна моддий қийинчиликларга келаётгани, мутасаддилар эса ёрдам кўрсатмаётгани аниқланди. Бу ҳақда мақола чиққанидан сўнг ҳокимлик тезда жавоб йўллади.
Материалда таъкидланишича, туман ҳокимлиги «ушбу ҳолат ҳақида, жумладан, болалар бўтқаси ёқмагани ва бошқа қийинчиликлар тўғрисида мақола чиққанидан кейин хабар топмоқда».
«Ҳолбуки, агарда қандайдир камчиликлар бўлса, аввало маҳалла раисига, туман хотин-қизлар бўлимига ва албатта бевосита туман ҳокимининг ўзига мурожаат қилиши мумкин. Туман ҳокимлигида ҳар бир соҳа ўринбосарлари томонидан мунтазам ҳар куни қабул ўтказилади. Туман ҳокимининг ўзи эса ҳар ҳафта пайшанба куни барча фуқароларни қабул қилиб, ариза шикоятларини ҳал этиб келмоқда» – деб таъкидланади жавобда.
Шу ўринда бир эслатма: «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ўз материалида ҳокимият вакиллари билан бундан тўрт кун аввал бу масалада гаплашганини айтиб ўтган. У Ургут ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Абдураҳмоновга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирган. Амалдор, ўз навбатида, оилага тез орада ёрдам кўрсатилишини айтган. Тўрт кун давомида ваъда қилинган ёрдам берилмагач, «Дарё»да навбатдаги мақола чоп этилган. «Дарё»да улар ўртасидаги суҳбатнинг аудиоёзуви бор.
Айтилишича, туман ҳокимлигидан эгизакларга совға-саломлар берилгандан сўнг 80 дона (уч ойга етадиган) болалар озуқасидан берилган.
«Ушбу мақолада келтириб ўтилган оила ҳокимиятга мурожаат қилишга истиҳола қилишини айтиб ўтган бўлса-да, бутун интернет оламига айтишдан истиҳола қилмаяпти. Аслида ҳар бир мурожаатчи аввало тумандаги масъулларга мурожаат қилса ва улар бу мурожаатга бефарқ қарагандан сўнг интернетга чиқаришса мақсадга мувофиқ бўларди, чунки интернетга чиқарилган масалани фақат юртимизда эмас, балки бутун дунё фойдаланувчилари кўриб, Ўзбекистон тўғрисида шунга қараб фикр чиқаради».
Таъкидланишича, «Дарё»даги мақола юзасидан 12 сентябрь куниёқ оилага болалар озуқаси ва совға-саломлар берилган.
Бундан ташқари, мурожаатда Ургут туманида кам таъминланган оилаларга мунтазам равишда ёрдам бериб келинаётгани айтилган.
Изоҳ (0)