Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 сентябрь, чоршанба куни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, жумладан, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича қонуний асосларни такомиллаштириш ва аниқ йўналтирилган амалий чоралар кўришга алоҳида тўхталиб ўтилган.

«Жумладан, бизнес юритиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш бўйича киритилган янгиликлар амалиётда ҳали тўлиқ ишга тушиб кетмаётгани танқид қилинди», — дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Хусусан, Давлат хизматлари ягона реестрига киритилган 693 та хизмат туридан атиги 103 таси ёки 15 фоизи Давлат хизматлари марказлари орқали ва электрон тарзда кўрсатилмоқда, холос. Қайд этишларича, бу тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган шахсларга қийинчилик туғдирмоқда.

Шунинг учун, Адлия вазирлигига тадбиркорларга онлайн тизимда ахборот-маслаҳат хизматларини жорий этиш, қоғозда кўрсатилаётган барча давлат хизматларини электрон кўринишга ўтказиш бўйича бир ой муддатда тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган.

Шунингдек, қурилиш ҳужжатларини келишишнинг ягона онлайн тизимини амалиётда тўлиқ ишлатишни таъминлаш бўйича зарур чоралар белгилаб берилган.