11 сентябрь, чоршанба куни соат 03:45 да Фарғона вилояти Олтиариқ тумани «Устоз» МФЙ, Табассум кўчасида жойлашган икки қўшни уйларда ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув қисмига хабар келиб тушган, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси.

Фото: Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси

Ёнғин ҳақида аланга майдони кенгайиб кетгандан сўнг ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар берилгани учун 4 та ёнғин ўчириш бўлинмаси кўрсатилган манзилга етиб борганида иморатнинг асосий том қурилиш конструксиялари ёнаётганлиги маълум бўлган. Биринчи бўлинма кўрсатилган манзилга соат 04:00 да етиб борган (энг яқин ёнғин-қутқарув қисмигача масофа 17 километр). Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 04:05 да қуршаб олинган ва соат 05:05 да тўлиқ ўчирилган.

Фото: Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси

Фото: Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси

Ёнғин оқибатида 71-уйнинг 200 квадрат метр майдонда томи, шифти ва уй жиҳозлари ҳамда 72-уй дарвозахонасининг 10 квадрат метр майдонда том қисми ёниб зарарланган. Ёнғиндан 71-уйнинг 100 квадрат метр ва 72-уйнинг эса 200 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. Ёнғин вақтида 71-уй эгаси фуқаро Ё.Ғиёсов куйиш тан жароҳати олиб шифохонага юборилган. Унинг аҳволи қониқарли эканлиги айтилган.

«Ёнғиннинг сабаби сигарета чекишда эҳтиётсизликдан деб тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда», — дейилади хабарда.