Бухорода март ойида Шухов минораси қайтадан ишга тушгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ Facebook фойдаланувчиси Рустам Ҳусановнинг таъкидлашича, бунинг ортида икки француз тургани ҳақида ҳеч қаерда бир оғиз бўлсада тилга олинмади.

Фото: Facebook / @magic.uz

Россиянинг энг яхши муҳандиси томонидан олис Бухорода бунёд этилган 90 йиллик гиперболоид тартибга келтирилиб, инсоний бир кўринишга келтирилиши учун 200 минг евро сармоя киритган французлар — Теунис ва Катрин Уитержиклар оиласидир.

Оила реставрация харажатларини қоплади, лифт сотиб олди, тунги ёритишни ташкил этиб, биринчи қаватида яхшигина қаҳвахонани ишга туширди. Барча меҳмонларни минора тарихи, Шухов ҳақидаги қисқа метражли фильм томошасига таклиф этишади, атроф эса жаҳондаги шунга ўхшаш минораларнинг суратлари билан безатилган.

Киритилган пул инвестиция сифатида ҳисобга олинган, бироқ бу одамлар фақат Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси саҳифасидагина эслаб ўтилган, холос. Французлар билан бирга ушбу лойиҳада бухоролик Суҳроб Бобокалонов ҳам қатнашган. Уни ҳам Франция элчихонаси камтарона хабарча билан қайд этиб ўтган.

Одамлар, сизга катта раҳмат!

Рустам Ҳусанов, Facebook фойдаланувчиси