Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов мамлакатда гўшт нархининг ошишига овқатланиш маданияти ҳам таъсир кўрсатаётгани ҳақида фикр билдирди.

Фото: «Kun.uz»

Ҳайитовнинг фикрича, гўшт нархининг ошишига биринчи сабаб — озиқа (захираси) етишмаслиги. Иккинчиси эса — аҳоли жуда кўп гўшт истеъмол қилмоқда.

«Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озиқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни ‘Америка касаллиги’ дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ», — дея Ҳайитовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Kun.uz».

«Тўғri.uz»нинг қўшимча қилишича, Ҳайитов аҳоли «гўштни ҳам исроф қилишни бошлагани» ҳақида ҳам гапириб, талаб ва таклиф бўлган жойда нарх-наво ўйнашини эслатиб ўтган.

«Нархни бозорнинг ўзи бошқармоқда. Гўшт нархининг ошиши бозорнинг ‘олтин қоидаси’ — талаб ва таклиф бўлган жойда нарх-наво ўйнайди. Нега гўшт етиштирувчининг ойлиги кўтарилмасин? Нимага унинг даромади ошмасин? Биз гўшт нархини икки баробар ошириш ниятимиз йўқ», — деб Ҳайитовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда интернет-нашр.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасидан маълум қилишларича, 2000 йиллар бошида Ўзбекистон аҳоли йилига ўртача 34 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмол қилган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 35,2 килограммга, 2010 йилда 38 килограммга, 2016 йилда эса 44,4 килограммгача кўпайган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси, Марказий Осиёнинг Қозоғистондан бошқа мамлакатларида бўлгани каби, кунига ўртача 40—165 грамм атрофида гўшт истеъмол қилади. Бу жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги кўрсаткич (кунига ўртача 165 граммдан кўп)дан паст, лекин Афғонистон ва аксарият Африка мамлакатлари билан таққослаганда — кўп.