Самарқанддаги Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари чорраҳасида автомобиль транспорти ва трамвайлар учун туннел қурилиши бошланди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Туннел типидаги йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 534 метр бўлади. Туннел қисмининг узунлиги 93 метрга етади. Бўстонсарой кўчаси бўйлаб кенглиги 6 метр, баландлиги 3 метр бўлган пиёдалар ер ости ўтиш йўлкаси ҳам қилинади.
Қайд этилишича, лойиҳа қиймати 67 миллиард 730 миллион сўмни ташкил этади. Қурилишда 14 750 куб метр йиғма ва монолит темирбетон ишлатилади. Бунда, 7 375 тонна цемент, 3 130 тонна арматура, 78,5 тонна металл прокат ишлатилади.
Эслатиб ўтамиз, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини юқори савияда ўтказиш доирасида Самарқанд шаҳрида кейинги уч йилда 4 та ерости йўлаклари қурилиши белгиланди.
Унга кўра, Самарқанд шаҳрида 2019—2022 йилларда Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишувида (93 метр), Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари кесишувида (47 метр), Даҳбед ва Ибн Сино кўчалари кесишуви (50 метр) ҳамда Рўдакий ва Гагарин кўчаларининг чорраҳаларида (40 метр) туннеллар қурилади.
Қурилиш ишлари республика бюджети ҳамда «Абу-Даби тараққиёт жамғармаси» маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.