1–8 сентябрь кунлари Россиянинг Анапа шаҳрида «Киношок» XXVIII очиқ фестивали бўлиб ўтди. Унинг ёпилиш маросимида фестиваль ғолиблари эълон қилинди. Ўзбек киноижодкорларининг «Иссиқ нон» фильми фестивалнинг бош совринини қўлга киритди.

«Киношок» Анапада 1992 йилдан буён ўтказиб келинади. Унда МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари киночилиги вакиллари, шунингдек, бошқа ўлкалардан меҳмон иштирокчилар қатнашиб келади. «Киношок» Россиядаги энг йирик кинофестиваллардан бири ҳисобланади.

«Иссиқ нон» фильмидан кадр

Фестивалнинг бош мукофоти – гран-приси «Олтин новда» деб аталади. Жорий йилда уни ўзбекистонлик режиссор Умид Ҳамдамов ижодига мансуб «Иссиқ нон» фильми қўлга киритди.

Фильм 13–14 ёшлар орасидаги Зулфия исмли қиз (Зарина Эргашева ижросида) ҳақида ҳикоя қилади. Мактаб-интернатда яшаган қиз бундан буён онаси билан бирга бўлиш орзусида бу масканни тарк этади, аммо уни бувиси (Мунаввара Абдуллаева) ўз қишлоғига олиб кетади. Шундан сўнг набира ва буви ўртасидаги мураккаб муносабатлар бошланиб кетади.

Ўзбекистонда фильм кўпгина кинотанқидчилар ва журналистлар томонидан ижобий кутиб олинди ҳамда актёрлар ижроси, постановка ва умумий мазмуни учун мақтовларга сазовор бўлди. Шу билан бирга, айрим мутахассислар картинанинг камчиликларига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, санъатшунос Ҳасан Тошхўжаев ўзининг тақризида фильмда ортиқча персонажлар борлигини таъкидлайди, лекин умуман олганда фильмни юқори баҳолайди. Айни пайтда, яна бир ўзбекистонлик санъатшунос – Алексей Улько Facebook’даги муҳокамалардан бирида «Иссиқ нон» ўзбекистонликларга яхши таниш эмаслигини айтиб ўтди:

«Аммо бу Ўзбекистонда машҳур кино эмас, у ‘фестиваль фильми’ ва бутунлай ориенталистик руҳга йўғрилган бўлиб, колониал нарративларни қўмсаётган Россия зиёлиларига мўлжалланган».

Бош мукофотдан ташқари, «Иссиқ нон» яна қатор номинацияларда ғолиб келди. Жумладан, Зулфиянинг келинойиси ролини ижро этган Феруза Саидова тўлиқ метражли фильмдаги энг яхши аёл роли номинациясида ғолиб бўлди. Фильм бастакори Тоир Қўзиевнинг меҳнати ҳам эътироф этилди – у тўлиқ метражли фильмдаги энг яхши мусиқа номинациясида ғолиб бўлди.