Британиялик Майк Брэдли 2 сентябрь, душанба куни рафиқаси ва боласи билан дам олишга отланди, деб ёзмоқда Meduza. У easyJet авиокомпанияси рейси орқали Манчестердан Испаниянинг Аликанте шаҳрига учиши керак бўлган.

Фото: Birmingham Live

Франция ҳаво ҳудудини назорат қилиш тизимида 1 сентябрь куни содир бўлган узилиш кўплаб Европа авикомпаниялари, шу жумладан, easyJet рейслари жадвалига таъсир қилган. Шунда Брэдли ҳаммасини ўз қўлига олиб самолёт штурвалига ўтирган.

Брэдли лицензияга эга учувчи бўлиб, easyJet компаниясида ишлайди. Рейсларда узлиш бўлиши эҳтимолини олдиндан билган Брэдлининг рафиқаси уни учувчилик лицензиясини ўзи билан олишга кўндирган.

Брэдли easyJet компаниясига қўнғироқ қилиб, ўзини таништирган ва капитан ўрнига самолётни бошқаришни таклиф қилган. Компанияда ўйлаб кўриб жавобини айтишга ваъда берилган. Қарор қабул қилишга бир дақиқадан кам вақт кетган — унинг таклифига розилик билдирилган.

Натижада учувчи махсус формасиз, оддий кийимда самолётни бошқаришига тўғри келган. «Агар учувчингиз бугун шундай кўринишда эканига қарши бўлмасангиз, Аликанте сари парвоз қиламиз», — деб ҳазиллашган капитан. Унинг сўзлари қарсаклар билан қабул қилинган.