Остона халқаро молия биржаси Ўзбекистоннинг етакчи интернет нашрлари мухбирлари учун медиа-тур уюштирди. Медиа-тур давомида журналистлар биржа фаолияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди, шунингдек Остона халқаро молия биржаси бош директори Тим Беннет билан учрашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Фото: Остона халқаро молия биржаси матбуот хизмати

Тим Беннет журналистлар билан мулоқотда биржа фаолиятининг устувор йўналишлари, шунингдек Ўзбекистонда барқарор капитал бозорини ташкил этишнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берди.

«Биз сотувчиларга турли маҳсулотларни сотиш, харидорларга эса уларни сотиб олиш имконини берувчи инфратузилма яратамиз. Бу дунёнинг исталган нуқтасидаги мева ва сабзавотлар сотиладиган бозорга ўхшайди. Биз инфратузилма яратдик, бозор ташкил этдик, галдаги вазифамиз сотувчи ва харидорларни топиш», — дейди Тим Беннет.

Тим Беннетнинг таъкидлашича, иқтисодий ўсишнинг драйвери ҳисобланган капитал бозори Марказий Осиёда у қадар ривожланмаган.

Фото: Остона халқаро молия биржаси матбуот хизмати

«Глобал молиявий инқироз бошланганидан буён тартибга солиш тизимларида жуда кўп ўзгаришлар юз берди. Бу глобал инвестиция банклари ва инвесторлар учун ривожланаётган бозорларга сармоя киритиш учун жуда кўп қийинчиликларни келтириб чиқарди. Улар Қозоғистон ва Ўзбекистонда қонун ва қоидаларни яхши тушунмагани ҳамда пул ювиш, молиявий хавф-хатарлардан қўрққанлиги сабабли ушбу бозорларга чиқишни истамайди.

Масаланинг ижобий томони шундаки, Қозоғистон ва Марказий Осиёга сармоя киритишга тайёр бўлган чегара бозори фондларида юз миллиардлаб доллар мавжуд. Бунинг сабаби шундаки, бу мамлакатлар иқтисодий ўсишнинг яхши истиқболига ҳамда нисбатан барқарор ҳукуматларга эга, шунингдек Хитой, Ҳиндистон ва Россия каби йирик бозорларга яқин», — дейди Остона халқаро молия биржаси бош директори Тим Беннет.

Фото: Остона халқаро молия биржаси матбуот хизмати

У сўзларини давом эттирар экан, биржа аксионерлари кўпроқ инвесторларни жалб этишдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб ўтди:

«Бизнинг аксионерларимиз, умуман олганда Қозоғистон ҳукумати кўпроқ инвесторларни жалб этиш, маҳсулотларимиз турларини кенгайтиришдан манфаатдормиз.  Бундай ёндашувнинг афзаллиги эса биринчи ўринда президент яратган аллақачон мавжуд бўлган инфратузилмадан фойдаланиш.

Ликвидлик кўприги деб аталувчи ибора бор. Яъни биз қанча кўп маҳсулот тақдим этсак, бизда шунча кўп инвесторлар бўлади. Ёки бунинг акси. Агар бизда кўп инвесторлар бўлса, биз шунча кўп маҳсулот тақдим эта оламиз.

Бу Ўзбекистон каби давлатлар учун қандай фойда келтиради? Масалан, бу ҳолат Ўзбекистонни қандай қилиб ўз капитал бозорини ривожлантиришга аҳамият қаратишга ундайди. Бу ерда иккита ўта муҳим пунктни санаб ўтиш керак.

Биринчидан, маҳаллий инвесторларни инвестор ва брокерлар базасига киритиш,

Иккинчидан, хусусийлаштириш дастурининг амалга оширилиши, яъни ушбу активларнинг бир қисмини сотиш имкони бўлиши ва капитал мамлакатга келиб тушиши керак».

Фото: Остона халқаро молия биржаси матбуот хизмати

Шунингдек, Тим Беннет Остона халқаро молия биржаси қандай ишларни амалга ошираётгани ва унинг асосий мақсади нималардан иборат эканлигига ҳам тўхталиб ўтди:

«Бизнинг биринчи устувор вазифамиз бу назорат қилиш ҳисобланади. Халқаро инвесторларда уларга тушунарли муҳит бўлишини таъминлаймиз.

Иккинчидан, эса бу инфратузилма. Халқаро инвесторлар жаҳон савдо стандартларидан фойдалана олиши керак.

Учинчидан, бу йўлларнинг очиқлиги. Инвесторларга ҳамма нарса тушунарли, камхарж бўлиши керак.

Бизнинг фаолиятимиздан асосий мақсад бизнесга капитални жалб этишга кўмаклашиш, бу орқали эса мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлаш.

Жамиятда кенг тарқалган умумий фикрлардан фарқли равишда, биз фонд биржасида ҳеч қандай пул ишлаб топмаймиз. Яъни давлат томонидан фонд биржаси ташкил этишдан асосий мақсад, бизда қандайдир пул топиш имкони бўлиши эмас, балки компанияларга капитал жалб этиш имконини тақдим этиб, мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлаймиз».

Фото: Остона халқаро молия биржаси матбуот хизмати

Севара Нишонова 

Тошкент—Нур-Султон—Тошкент