Сирдарё вилоятида 2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов билан суҳбатда таъкидлаб ўтди.

Фото: Дониёр Шоғуломов

Ғофуржон Мирзаевнинг сўзларига кўра, вилоятда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда пахта теримида қатнашадиган ҳашарчилар учун 90 та шаҳарча барпо этилмоқда. «Шаҳарчалардан бири Боёвут туманида кўргазмали тарзда ташкиллаштирилган. Шаҳарчада теримчилар учун уч маҳал иссиқ овқат тортилади, дам олиш хоналари, тиббий ёрдам кўрсатиш шохобчалари хизматда бўлади», — деди ҳоким.

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайдими, деган саволга ҳоким шундай жавоб берди: «Мажбурий меҳнат бўлмайди. Ўз хоҳиши билан теримда қатнашмоқчи бўлганлар келиб меҳнат қилиши мумкин. Сирдарё — аҳолиси энг кам бўлган вилоят. Лекин пахта майдони бошқа катта вилоятларникидан кам эмас. Бу йил 230 минг тоннадан ортиқ пахта топшириш режа қилинган».

Вилоят ҳокимининг қўшимча қилишича, Сирдарёда пахтани қайта ишлашга ихтисослашган 5 та кластер фаолият юритмоқда. Кластерлар томонидан чет элдан бир нечта замонавий пахта териш машиналари олиб келинган. «Теримда қўл кучини камайтириш мақсадида пахта майдонларининг 40 фоизига техника орқали теришга мослаб ғўза қадалган», — деди ҳоким.

Аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов пахта теримига бирорта бюджет ташкилоти ходимини яқинлаштирмасликка қасам ичгани маълум бўлганди. «Ундан кўра, пахта далада қолса қолиб кецин. Қолмайди албатта. Ҳаммасини терамиз. Лекин бюджет ташкилотлари билан эмас», — деганди Андижон вилояти ҳокими.