Ҳукумат Ўзбекистон туризм инфратузилмаси тобора ўсиб бораётган сайёҳлар оқими талабига мос бўлишига умид қилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Норма»га берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади Spot.
Унинг сўзларига кўра, бугун айрим туроператорлар сайёҳлар гуруҳини қабул қилишдан жой етишмаслиги сабабли воз кечмоқда.
Тадбиркорлар буни кўриб меҳмонхона, кафе, ресторан ҳамда экскурсия хизматларига пул тикмоқда. Бунда давлат устувор аҳамиятга эга лойиҳаларни имтиёз ва имкониятлар билан қўллаб-қувватламоқда.
«Бугун инвестор маълум талабларга мос келувчи уч ёки тўрт юлдузли меҳмонхона қуриб, Туризм қўмитасига субсидия олиш учун мурожаат қилиши мумкин.
Бугунги кунда 50—60 номерли уч юлдузли меҳмонхона қуриш 6-8 миллиард сўмга тушади. Бу эса шуни англатадики, инвестор меҳмонхона қуриб, давлатдан икки миллиарддан ортиқ субсидия олиши мумкин», — дейди Абдуҳакимов.
Унинг сўзларига кўра, 30 лойиҳанинг инвесторлари субсидия олиш учун ариза берган. Яна 100 нафари ҳужжат тайёрлаяпти. Бу умумий ҳисобда олти мингга яқин меҳмонхона номери, дегани.
«Бизга яна 44 мингта номер керак. Шунинг учун, илтимос, меҳмонхона қуринг ва субсидия олинг», — дейди бош вазир ўринбосари.
Изоҳ (0)