Сурхондарё вилояти ҳокимлигида мамлакат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб Термиз шаҳрида бўлиб ўтган байрам тантаналарига таклиф этилган Афғонистон Ислом Республикаси делегацияси аъзолари, Россия Федерацияси ва Ҳиндистон Республикасининг Мозори Шарифдаги дипломатик корпуслари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Самимий кечган мулоқотда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Балх вилояти волийси Муҳаммад Ишоқ Раҳгузар, Самангон вилояти волийси Абдул Латиф Иброҳимий икки мамлакат раҳбарларининг яқин қўшничиликка асосланган юқори даражадаги фаол алоқалари самараси ўлароқ кейинги йилларда минтақалараро дўстлик, ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашув чоғида Сурхондарё ҳамда Балх ва Самангон вилоятлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестицион муносабатларни кенгайтириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Томонлар бир-бирларига эсдалик совғаларини улашди.
Изоҳ (0)