«Ўзнефтгазинспекция» ўз фаолияти давомида доимий равишда газ таъминоти корхоналари томонидан аҳоли хонадонларига имтиёзли нархларда етказиб берилаётган суюлтирилган газнинг ўз вақтида ва амалдаги меъёрий талаблар асосида етказилишини назоратга олди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Бу борада олиб борилаётган навбатдаги профилактик ва тезкор тадбирлар давомида газ таъминоти корхоналарининг баъзи нопок ходимлари томонидан шахсий манфаатларини ўйлаб талон-торожлик, тасдиқланган графикка риоя этмаслик, қабул қилиш ва тарқатиш жараёнларида бирламчи ҳужжатларни нотўғри юритиш каби ҳолатларга йўл қўйилаётганлиги маълум бўлмоқда.
Шу ўринда, суюлтирилган газ таъминотида юзага келаётган муаммоларга фуқароларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлмоқда. Чунки ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари орқали мамлакатда ҳар соҳада юз бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалар, қабул қилинган қарор ва қонунлар бўйича кунлик ахборот ва маълумотлар бериб борилмоқда, шу жумладан, энергетика соҳасидаги ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ҳам очиқлик принципи асосида кенг жамотчиликка етказилмоқда.
Лекин, баъзи фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмасликлари, талаб қилмаганликлари сабабли 2—3 ойлаб суюлтирилган газ олмасалар-да, хусусий газ тўлдириш шохобчаларидан қиммат нархларда суюлтирилган газ сотиб олаётганликлари, газ таъминот корхонасидан сотиб олган газ баллонларининг оғир қолдиқларини назорат тартибида қайта тортиб кўрмаётганликлари ҳамда белгиланган нархдан қиммат сотилаётганда эътирозсиз сотиб олаётганликлари соҳадаги баъзи кимсаларга қўл келмоқда.
Жорий йил бошидан 15 август кунига қадар ҳудудларда ўтказилган профилактик тадбирлар давомида республика бўйича 90 та газ тарқатиш станцияси ва газ тарқатиш пункти томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнида 420 дан ортиқ қўпол қоида бузилишлари аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиши натижасида иқтисод қилиниши мумкин бўлган 25,2 минг тонна суюлтирилган газ миқдорлари аниқланган.
Биргина август ойининг ўтган 15 куни давомидаги республика бўйича ўтказилган ўрганишлар натижасида аҳолига суюлтирилган газни етказиб бериш юзасидан 15 та қонун бузилиш холати аниқланиб, ҳисобланган умумий суюлтирилган газ миқдорлари 219 тоннани ташкил этди.
Мисол учун, Сурхондарё вилоятида «Жарқўрғон газ тўлдириш шохобчаси»да 61 тонна ва «Жарқўрғоннефть» АЖда 2 тонна суюлтирилган газ технологик йўқотишларга асословчи ҳужжатларсиз ҳисобдан чиқарилгани;
Навоий вилояти «Кармана—Навбахор» туманлараро газ таъминоти участкасида, аҳоли хонадонларига жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 54 тонна суюлтирилган газ режага нисбатан кам етказиб берилгани;
Андижон вилояти «Избоскан» туман газ таъминоти участкасида:
— аҳоли хонадонларига 20 килограмм суюлтирилган газ учун белгиланган 19 минг сўм ўрнига, амалда 24 минг сўмдан тўловлар ундирилаётгани;
— аҳоли хонадонлари учун ажратилган 6 тонна суюлтирилган газни газ таъминоти участкасининг махсус автотранспорт воситаларига ёқилғи сифатида ишлатилгани;
— 41 тонна суюлтирилган газ технологик йўқотишларга асословчи ҳужжатларсиз ҳисобдан чиқарилгани;
— тарқатиш ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда 62 тонна суюлтирилган газ асоссиз ҳисобдан чиқарилгани;
— 34,6 тонна суюлтирилган газ учун аҳолидан ундирилган 32 миллион 894 минг сўм пул маблағлари ўз вақтида банкка топширилмагани;
Хоразм вилояти «Хива тумангаз» участкасида:
— 4 тонна суюлтирилган газ технологик йўқотишларга асословчи ҳужжатларсиз ҳисобдан чиқарилгани;
— участка омборхонасида 6 тонна суюлтирилган газ камомади мавжудлиги;
Фарғона вилояти «Реал газ бизнес» хусусий корхонасининг лицензия муддати 2018 йил 15 декабрда тугаган бўлишига қарамай бугунги кунга лицензиясиз фаолият олиб бораётганлиги маълум бўлди.
Изоҳ (0)