Жорий йил май ойида Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан АҚШ киноакадемияси рўйхатидан ўтказилган Ўзбекистон Оскар қўмитаси 16 сентябрь куни Оскар мукофотининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан илгари суриладиган фильм номини эълон қилади. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.

Фото: Ёшлар медиа маркази

Ўзбекистон Оскар қўмитаси ушбу номинацияга маҳаллий киноижодкорлардан аризалар қабул қилишни бошлади. Аризалар жорий йил 27 августидан 12 сентябрига қўмитанинг координацион маркази ҳисобланган Ўзбекистон миллий кинокомиссиясида қабул қилинади.

Келиб тушган мурожаатлар 13—14 сентябрь кунлари қўмита томонидан кўриб чиқилади. 16-сентябр куни АҚШ киноакадемияси мукофоти учун Ўзбекистон номидан илгари суриладиган фильм номи расман эълон қилинади.

Танловда давомийлиги 40 дақиқадан кам ва асосий тили инглиз тили бўлмаган бадиий тўлиқ метражли фильмлар иштирок этиши мумкин.

Фильм кинотеатрларда прокатга чиқишидан олдин, уни телевиденияда ёки интернетда намойиш қилиш ва DVD форматларида тарқатиш тақиқланади, лекин кинофестивалларда қатнашишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, номзод фильм 2018 йилнинг 1 октябридан 2019 йил 30 сентябрига қадар камида 7 кун давомида  кинотеатрларда намойиш қилинган бўлиши лозим.

Маълумот учун, 92-Оскар мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими 2020 йил 9 февралда Лос-Анжелесдаги Dolbi театрида бўлиб ўтади.