26 август, душанба куни Самарқанд шаҳрида «Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолари ва уларни ҳал қилиш стратегияси» мавзусида халқаро конференция ҳамда «Шарқ тароналари» ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими ўтказилади, деб хабар берди Zarnews.

Фото: Zarnews

Мазкур тадбирларда иштирок этиш учун 25 август куни Самарқандга БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) бош директори Одри Азуле хоним ташриф буюрди.

Юқори мартабали меҳмонни «Самарқанд» халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди.

Фото: Zarnews

UNESCO БМТнинг 17 та ихтисослашган муассасасидан бири бўлиб, 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда UNESCO’га 195 мамлакат аъзо. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.

Ўзбекистон билан ушбу ташкилотнинг ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон UNESCO Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган.

Самарқандда эртага ўтказиладиган халқаро конференция ҳамда «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ҳам UNESCO шафелигида ташкил этилмоқда.

Фото: Zarnews

Фото: Zarnews