LIGO ва Virgo расадхоналарида иш олиб бораётган физикларнинг хабар беришича, гравитация тўлқинларининг янги манбаси аниқланган. Унда нейтрон юлдузнинг ўзига қўшни бўлган қора туйнукка қулаши натижасидан гравитацион мавжланиш содир бўлгани айтилмоқда. Бу – олимлар томонидан кузатилган гравитация тўлқинларининг янги бир эҳтимолий манбаси бўлиб, бунгача гравитацион тўлқинлар иккита қора туйнукларнинг ўзаро тўқнашуви ва бирлашиб кетишидан ёки иккита нейтрон юлдузнинг тўқнашувидан ҳосил бўлгани аниқланган эди. Эндиликда эса астрофизиклар биринчи марта қўшалоқ тизим – нейтрон юлдуз ва қора туйнукнинг тўқнашуви ҳосил қилган фазо-вақт мавжланиши қайд қилган.
Айтиш жоизки, 2019 йил апрель ойида олимлар нейтрон юлдузнинг қора туйнукка қулашидан ҳосил бўлгани тахмин қилинган кучсиз сигнални қайд қилган эди; бироқ буни қатъий далиллашнинг иложи бўлмаётганди. Маълум қилинишича, олинган янги натижалар етарлича ишончли бўлиб, энди нейтрон юлдуз ва қора туйнук тўқнашувидан юзага келган мавжланишга шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Кузатувларда иштирок этган олимлар қайд этилган гравитация тўлқини биздан 900 миллион ёруғлик йили масофада жойлашган нейтрон юлдузнинг ўзига яқин бўлган қора туйнукка бориб қулашидан ҳосил бўлган ва жараённи улар осмоннинг 23 квадрат градус билан чегараланган қисмидан қайд этган. Бу жуда катта миқёс бўлиб, таққослаш учун айтадиган бўлсак, масалан Ой Ердаги кузатувчига нисбатан осмоннинг фақат 0,2 квадрат градус қисмини эгаллайди. Агар астрономлар мазкур 23 квадрат градус осмон қисмидан шу ҳодисага алоқадор чақнашларни ва ёки нурланишларни қайд этса, бу кашфиёт ҳақ эканини янада тасдиқлайдиган фактга айланади.
Олимлар шу ва шу каби қўшалоқ тизимлар тўқнашувидан ҳосил бўлган гравитацион мавжланишларни кузатиш орқали Хаббл доимийсининг аниқ қийматини белгилаш ҳамда Коинотнинг кенгайиш тезланишини, шунингдек, мавҳум энергия (қора энергия) табиатини янада чуқурроқ ўрганишни мақсад қилган.
Музаффар Қосимов
Изоҳ (0)