8 август куни Яккасарой тумани ИИО ФМБга Қашқадарё вилоятида яшовчи 51 ёшли Айноват К.В. муқаддам судланган 64 ёшли Ибодулла Э. ва Тоғаймурод Э.га нисбатан чора кўришни сўраб, ариза билан мурожаат қилди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

2017 йил ёз фаслида Ибодулла ва Тоғаймурод даъвогарнинг қизи, Қарши давлат университетига ўқишга кира олмаган 31 ёшли Нафосат К.ни Чирчиқ педагогика университетига «супер контракт» асосида киритиш бўйича ёрдам беришни таклиф қилди. Бунинг учун улар Айнавотдан 3 400 АҚШ доллари сўраган. Аёл Ибодулла ва Тоғаймуродларга ишониб, 2017 йил 26 августдан 20 сентябрь кунига қадар Шайхонтоҳур туманидаги «Лабзак» меҳмонхонаси олдида уларга келишилган маблағни бўлиб-бўлиб тўлаган.

Тергов жараёнида Ибодулла Э. ва Тоғаймурод Э. куз фаслида Қашқадарё вилоятида яшовчи 56 ёшли Нуриддин А.га ҳам шунга ўхшаш таклиф билдирган. 23 ёшли ўғли Ортиқ А.ни Чирчиқ педагогика университетига «суперконтракт» асосида ўқишга киритишга ёрдам бермоқчи бўлган Ибодулла ва Тоғаймуродга ишонган Нуриддин 3 100 АҚШ долларини 2017 йил сентябрь—октябрь ойлари мобайнида Яккасарой туманидаги «Бобур» истироҳат боғи олдида уларга бериб юборганлиги аниқланди.

Аммо иккала шерик ваъдасида турмасдан, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Ҳозирда иккала ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноий иш қўзғатилди.