Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 август куни мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш борасидаги натижалар ҳам таҳлил қилинди.

Кейинги уч йилда бу соҳани барқарор ривожлантириш, маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича кўплаб қарорлар ва дастурлар қабул қилинди. Фермерлар манфаатдорлиги ва даромадларини оширишга қаратилган иқтисодий механизмлар жорий этилди.

Бугунги кунда истеъмол маҳсулотларининг 70 фоизи иқтисодиётнинг ушбу тармоғида яратилмоқда. 180 турдан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 80 та мамлакатга экспорт қилиниб, жами экспорт тушаётган даромаднинг 20-25 фоизини таъминламоқда. Иқтисодий фаол аҳолининг 27 фоизи ушбу соҳада банд.

Ҳозиргача 94 туманда 76 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилган. Бу йилги ғалла ҳосили 7 миллион тоннадан ортди. 15 минг гектар интенсив боғлар ва 11 минг гектар токзорлар барпо этилди.

Йиғилишда бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, куз ойларида қўшимча сабзавотлар экиш, туманларнинг табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирлари ҳам белгиланди.

Маҳсулотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш бўйича инфратузилмани ривожлантириш масаласи кўрилар экан, жорий йил охиригача қуввати 150 минг тонна бўлган 12 та логистика маркази ва сиғими 143 минг тонна бўлган 224 та музлаткичли омборхонани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.

Ғаллачилик кластерлари, чорвачилик, парранданчилик ва балиқчилик комплекслари ташкил этиш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Ижтимоий ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мамлакатда таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, спорт ва илм-фан соҳалари, хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Жумладан, халқ таълими, соғлиқни сақлаш соҳаларини узоқ муддатли ривожлантириш бўйича концепциялар қабул қилинди. Ижтимоий соҳа ходимларининг иш ҳақи ўртача 1,5-2 баробарга оширилди.

Ўтган даврда 14 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, 6 та маҳаллий ва 8 та хорижий олий таълим муассасаси филиали фаолияти йўлга қўйилиб, 40 та янги таълим йўналиши ҳамда 41 та янги мутахассислик ташкил этилди. Қабул квоталари ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпайтирилди.

Туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича кўрилган чоралар натижасида 6 ойда Ўзбекистонга 3 миллион нафардан ортиқ хорижий турист ташриф буюрди. Бу — ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир. Шунингдек, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоиз кўп туризм хизматлари экспорт қилинди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 100 миллиард сўм ажратилди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида ушбу маблағларнинг 41 фоизи ўзлаштирилиб, хотин-қизлар томонидан 1 минг 755 та лойиҳа амалга оширилди ва 2 минг 240 та иш ўрни яратилди.

Йиғилишда ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш, хизматлар қамрови ва сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

«Барча давлат идоралари ва корхоналарида тизимли ишлаш, қатъий тартиб-интизом, қабул қилинган қарорларни сўзсиз бажариш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам бериш ислоҳотларимизнинг натижадорлигини таъминлашда асосий омил бўлиши зарур ва шарт», — деди Президент.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ҳудудлар раҳбарлари амалга оширилган ишлар самарадорлиги, 9 ой ва йил якуни бўйича кутилаётган натижалар, бу борадаги устувор вазифаларни бажариш юзасидан ҳисобот берди. Йиғилиш якунлари бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.