Бугунги кунда Ўзбекистонда лицензияга эга 61 та хусусий бандлик агентликлари фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.

Фото: Норма

Улардан айримлари томонидан фуқароларни ишга жойлаш борасида хизматлар кўрсатилиши учун олдиндан 100 фоиз тўловларни амалга ошириш талаб этилмоқда ва ундирилган тўловлар эвазига хизматлар кўрсатилмай қолмоқда.

Мазкур агентликлардан тўланган маблағларни қайтариш талаб этилганда, ушбу маблағлар қайтарилмаяпти ёки хизматлар кўрсатилмаган бўлсада, маблағларнинг маълум бир қисми асоссиз ушлаб қолинмоқда.

Шу сабабли «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунининг 20-моддаси ҳамда ҳукумат қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низом»га мувофиқ, вазирлик томонидан фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида айрим хусусий бандлик агентликларининг фаолиятини текшириш режалаштирмоқда.

Текшириш якуни бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган агентликларнинг лицензиясини тўхтатиш, тугатиш, бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади. Шунингдек, Низом ва битим талабларини бузган агентликлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

Ушбу хабарга текшириш ўтказилиши режалаштирилган хусусий бандлик агентликлари рўйхати илова қилинган.