Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» қарори ишлаб чиқилди.

Фото: ЎзА

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, қарор лойиҳасининг ишлаб чиқилишидан мақсад халқ таълими тизими ходимларининг ижтимоий мавқейи ва нуфузини ошириш бўлиб, Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом янги таҳрирда баён қилинмоқда.

Ушбу низом билан халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг энг муҳим жиҳатлари инобатга олинган.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йилдаги фармонига асосан, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори қўлланилиши белгиланган. Шу муносабат билан ушбу лойиҳада умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига қўшимча ҳақ тўловлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан фоиз ҳисобида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, тегишли текширув органлари томонидан баҳсли мулоҳазаларга сабаб бўлаётган амалдаги меъёрий ҳужжатларда мавжуд бўлмаган таълим муассасалари ўқитувчиларининг ёзги таътилдан қайтган даври учун уларга ҳақ тўлаш масаласи кўрсатиб берилган. Бунда уларга (июнь—август ойлари) навбатдаги ўқув йили бошлангунга қадар улар меҳнатига ҳақ тўлаш фақатгина белгиланган базавий тариф ставкалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Халқ таълими вазирлиги қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш учун барча жамоатчилик вакилларини муҳокамаларда фаол иштирок этишга чақирган. Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 2019 йилнинг 29 августига қадар давом этади.