14 август, чоршанба куни Мудофаа вазирлигида ҳарбий мобил инновацион тиббий марказнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га хабар берди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Унда Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати масъул вакиллари иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берувчи мазкур ҳарбий мобил инновацион марказнинг афзаллиги шунда-ки, унда бир вақтнинг ўзида икки нафар оғир аҳволдаги беморга тиббий хизмат кўрсатиш, яна бир нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказиш имконияти мавжуд ва у ҳар қандай иқлим шароитида ишлашга мўлжалланган.

Фото: Мудофаа вазирлиги

«Ушбу марказда барча мураккаб жарроҳлик амалиётлари, жумладан, коникотамия, трахеостамия, лапросинтез, таракосинтез, юрак жароҳатланганда жароҳат олган қон томирларини тикиш ёки вақтинча шунт қўйиш бажарилади. Мобил марказда жарроҳлик амалиёти ўтказилаётганида жароҳатга инфекция тушишининг олдини олиш мақсадида махсус тўсиқ ва ичкаридаги ҳавони ташқарига чиқарувчи ҳаво филтири ўрнатилган», — дейди Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Абдуғани Йўлдошев.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Шунингдек, бу ерда жарроҳлик лампаси устига камера жойлаштирилган бўлиб, бу орқали жойлардаги ҳарбий госпиталларнинг тажрибали мутахассислари жараённи бевосита онлайн тарзда кузатиши, зарур ҳолда ўз тавсия ва маслаҳатларини бериши мумкин.

Фото: Мудофаа вазирлиги