Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси Facebook орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган масалга юзасидан тушинтириш берди.

Фото: ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

13 август куни соат 17:00 да Facebook ижтимоий тармоғида «Шабнам Оллошкурова» саҳифаси эгаси тармоқдаги дўстлари сафига қўшилган фойдаланувчилар эътиборига тўғридан-тўғри видео алоқага чиққан.

Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан аниқланишича, ушбу саҳифа муаллифи, аслида 1987 йилда туғилган, Нафосат Оллашкурова исмли аёл бўлиб, у Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувида бўлган, фуқаро Маҳмуд Ражабовга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (контрабанда) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилаётган тергов жараёнига асоссиз аралашиб, дастлабки терговнинг тўлақонли ва холисона ўтказилишига босим ўтказишга уринган.

У 13 август куни Хоразм вилояти ИИБ маъмурий биноси олдига келиб, ўзининг «блогер» эканлигини билдириб, фуқаро Маҳмуд Ражабовга нисбатан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари билан танишмоқчи эканлигини айтган. Шундан кейин вилоят ИИБ назорат ўтказиш пунктидаги ходимнинг хабарига асосан етиб келган терговчи унинг аслида Нафосат Оллашкурова эканлигини билиб, у ҳам жиноят иши юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниши кераклигини айтиб, ичкарига таклиф қилган. Оллашкурова эса ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри видео алоқага чиқиб, ўзининг Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига олиб кирилаётганлигини баён қилган. Дарҳақиқат, фуқаро Нафосат Оллашкурова Маҳмуд Ражабовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан сўроқ қилиниши лозим бўлган шахслар рўйхатига киритилган бўлиб, у доимий яшаш манзилида бўлмаганлиги сабабли, сўроқ жараёни амалга оширилмасдан келаётганди.

Шундан кейин Нафосат Оллашкурова Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш учун терговчи хонасига таклиф этилди. Сўроқ жараёни якунига кўра, терговчи томонидан Нафосат Оллашкуровага тегишли бўлган уяли телефон аппарати жиноят иши юзасидан текшириб кўришлик учун белгиланган тартибда расмийлаштириб олиниши билдирилганида, Оллашкурова уяли телефонини бермаслигини айтиб, терговчининг бу юзасидан қабул қилган қарорини бажарилишига тўсқинлик қилиб, уяли телефонини топширмаган, бундан ташқари бу жараённи ҳам тўғридан-тўғри видео алоқа орқали ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ёритган.

«Нафосат Оллашкурованинг уяли телефонини олиш зарурати, унинг мазкур жараённи ижтимоий тармоқларда ёритганлиги билан боғлиқ эмас, аксинча фуқаро Маҳмуд Ражабовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича текшириб кўрилиши лозим бўлган», — дейилади хабарда.

Бугунги кунда фуқаро Маҳмуд Ражабовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси талабларига қатъий риоя қилган ҳолда олиб борилмоқда.