Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали блогер қандай ҳолларда пост остидаги изоҳни ўчириши лозимлиги ҳақида маълумот берди.

Фото: Google Images

2014 йилда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ (ушбу талаблар блогерга ҳам таалуқли), веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилишига йўл қўйилмаслиги шарт:

  • мавжуд конституциявий тузумни, ҳудудий яхлитликни зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
  • уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
  • давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
  • порнографияни тарғиб қилиш;
  • қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш.

Демак, постлар тагидаги шарҳларда юқорида қайд этиб ўтилган ахборотлар мавжуд бўлган фикрлар, чақириқлар бўлса, қонун талабига кўра блогерлар у шарҳларни ўчириши лозим бўлади.