«Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси озиқ-овқат саноатининг энг яхши маҳсулотларини маркировкалаш бўйича давлат дастурини тақдим этди. Бу ҳақда Spot хабар беради.
Стандартлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар бўйича алоҳида комиссия ҳар бир корхона маҳсулотларининг жаҳон даражасидаги сифатга мувофиқлигини кўриб чиқади. Таъкидланишича, холдинг таркибидаги 11 мингдан ортиқ корхоналарнинг 80 фоизга яқини ушбу стандартларга жавоб беради.
«Албатта, ҳар бир компания маркировкани ололмайди. Биринчидан, компания сифат стандартларига жавоб бериши керак. Асосий вазифа истеъмолчиларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари хорижникидан қолишмаслигини кўрсатиб беришдир. Аммо бу қандайдир тарзда импортни чеклаб қўямиз дегани эмас», — деди «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси раиси Тоҳиржон Жалилов.
Унда нафақат Ўзбекистон озиқ-овқат саноати вакилларининг маҳсулотларини қадоқлаш, балки маҳсулотлар намойиш қилинадиган витриналар, жавонлар ва бошқа савдо ва кўргазма жиҳозлари ҳам маркировкаланади.
Холдинг вакилларининг сўзларига кўра, маркировкалаш саноат корхоналарини маҳсулот сифатини яхшилашга рағбатлантиради. Шундай қилиб, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» алоҳида сифат белгисини олган корхоналар устидан доимий мониторинг олиб боради.
«Ушбу дастур орқали биз ўзбекистонликларнинг фуқаролик жавобгарлигини оширишга, маҳаллий маҳсулотни сотиб олиб, улар мамлакат иқтисодиётини, корхонани қўллаб-қувватлаётганликларини англаб етишига ҳам умид боғлаймиз. Умид қиламизки, истеъмолчиларнинг маҳаллий маҳсулотларга бўлган ишончи ортиб бориши сотув ҳажмининг ошишига олиб келади», — деди Тоҳиржон Жалилов.
У бунинг натижасида корхонада айланма маблағ бўлиши, бу ишлаб чиқариш қувватини ошириши ва ташқи бозорга чиқиш имкониятини беришини қайд этди.
Изоҳ (0)