Замона зайлига қарамай, ўзбеклар анъанавий турмуш тарзини, оилавий ҳаётни қадрлайдиган халқ бўлиб қолмоқда. Аммо бу анъанавийлик, оилапарварлик қадриятлар турмуш тарзи ўзгариши асносида қийинчиликларга дуч келмоқда: оилавий ришталарни доим ҳам мустаҳкам сақлаш имкони бўлмаяпти, манфаатлар, ҳаётдан кўзланган мақсадлар фарқ қилиши туфайли оилалар бузилиб кетмоқда. Бу орада эса болалар ота-онасиз қолмоқда...
Тўғри, ота-онасиз фарзандлар ҳозир Ўзбекистонда айрим давлатлардагидек жуда кўпайиб, улкан муаммога айланмаган, меҳрибонлик уйлари тўлиб-тошмаган. Шунга қарамай, ҳар бир одам, ҳар бир бола меҳрга муҳтож.
Халқ орасида тез-тез бир нарсани эшитиб қоламиз: кўпгина ўзбек оилаларига бегона фарзандни асраб олиб тарбиялаш «уятли» ёки «ҳижолатли» туюлади. Яъни бу масалада анъанавийлик ўзбек халқининг болажонлигига зид келади. Ўзлари фарзанд кўрмаган оилалар-ку, бола асраб олишга ҳар доим ҳам журъат этмас экан, фарзанди бўлишига қарамай бола асраб оладиганларни қидириб топиш унданам қийин бўлса керак.
Албатта, ҳамма ҳам юқоридаги фикрга қўшилмайди. Бу шунчаки бир стереотип, асоссиз муболаға бўлиши мумкин. Жамиятимиз турфа одамлардан ташкил топган ахир. Лекин юзаки кузатувларимиз жамиятимизда бола асраб олиш ноодатий, эриш ҳисобланишини («етим қўзи асрасанг...» деб бошланувчи хунук бир мақол ҳам бор) ва ҳарқалай ривожланган Ғарб давлатларидаги бола асраб олиш маданияти бизда ҳали шаклланмаганини тасдиқламоқда.
Бу хулосаларимизга қўшилмайдиганларнинг фикрларини, эътирозларини ва керак бўлса ҳаётий ҳикояларини кутиб қоламиз — «Дарё» ҳар қандай нуқтаи назарни, ҳаётий ҳикояни чоп этишга тайёр.
Ҳозирча эса ўқувчилар диққатига «Дарё» колумнистининг юртимиздаги бир меҳрибонлик уйи ҳақидаги репортажини тақдим этамиз. Ташриф асносида у бизни қизиқтирган саволларга жавоб қидириб кўрди: меҳрибонлик уйларида бола кўпми? уларни нега ташлаб кетишмоқда? уларни асраб олишяптими? ота-онасиз ўсаётган ватандошларимизнинг келажаги қандай бўлади?
* * *
Яқинда бир Facebook фойдаланувчиси ёзган фикрга кўзим тушди. Унда бола асраб олишдаги ҳужжатбозлик ва шу сабабдан юзага келадиган муаммолар ҳақида фикр юритилган. Таъкидланишича, фарзанд асраб олишни истаган одамлар муайян югур-югурларга дуч келади ва айримлар бола асраб олиш фикридан қайтади.
Бунга ойдинлик киритиш мақсадида бола асраб олишга алоқадор ҳужжатлар билан танишиб чиқдим.
Кимлар бола асраб олиши мумкин?
Меҳрибонлик уйлари Халқ таълими вазирлигига қарайди. Фарзандликка олиш билан боғлиқ масалалар Оила ва фуқаролик кодексларида белгилаб қўйилган.
Қонунчиликка мувофиқ, барча вояга етган фуқаролар бола асраб олиши мумкин. Лекин қуйидаги ҳолларда фарзандликка олишга рухсат берилмайди:
- ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
- муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлар;
- асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
- фарзандликка олгани бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар;
- қасддан содир қилинган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар.
Никоҳда турмайдиган шахслар ҳам бола асраб олиши мумкин.
Фарзандликка олинувчининг қариндошлари, унинг оиласида яшаётган шахс, Ўзбекистон фуқаролари, ака-ука, опа-сингилларни улар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини бузмасдан – бирга фарзандликка олаётган шахслар, ўгай ота ва ўгай она, касаллик, бахтсиз ҳодиса оқибатида фарзандларидан ажралган шахслар фарзанд асраб олишда имтиёзга эга.
Дилбар Орзиева: Меҳрибонлик уйимизда 105 нафар ўғил-қиз тарбияланади. Шулардан тўққиз нафарини 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар, 51 нафарини қизлар ташкил этади. Яқинда, февраль ойида (2019 йил 12 февраль — «Дарё») чиққан янги қарор ижросига кўра, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари сонини соғлом равишда камайтириш чоралари кўрилмоқда.
Қанчалик қийин бўлишига қарамай, ота-оналар мажлислари ўтказишга ҳаракат қиляпмиз ва уларнинг натижасида шундай хулосага келяпмизки, ота-оналар моддий шароитлари яхшиланса, фарзандларини қайтариб олишга хайрихоҳ. Шу вазиятни ҳисобга олган ҳолда Навбаҳор тумани ва Навоий шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда икки тарбияланувчимиз оиласи бағрига қайтарилди ва уларга нархи арзонлаштирилган уйлар берилди. Биласизми, бу ерда болаларга ҳамма шароитлар яратилган, лекин болалар мактабга қатнаш йўли узоқ бўлса ҳам, уйида етарли шароит бўлмаса ҳам оила бағрига ташна, оила бағрини танлайди. Болаларга меҳр керак! Уйига қайтаётган ёки кимдир асраб олган тенгдоши билан хайрлашаётган болаларимизнинг кўзидаги, қалбидаги сўроқларни тасаввур қиляпсизми? Булар учун кимдир жавоб бериши керак!
«Дарё»: Ота-оналар фарзандларини кўпинча қандай сабабларга кўра олиб келади?
Д.О.: Фарзандини олиб келадиганларнинг кўпчилиги ёлғиз оналар, боқувчисини йўқотганлар. «Боламни боқишга шароитим йўқ», «ишсизман», «эрим Россияга кетиб, қайтиб келмади» каби сабаблар бу каби аёлларни кечиришга асос бўла олмайди. Ишсизман деганларга иш топиб беришса, у иш танлашни бошлайди, яна баҳоналар излайди.
Яқинда муассасамизга ҳарбийлар келди. Улардан бирининг гапи мени жуда таъсирлантирди. Болаларнинг «формангиз чиройли экан, мен ҳам катта бўлсам ватан ҳимоячиси бўламан», деган гапига жавобан у шундай деди: «Ватанни ҳимоя қилиш учун аскар бўлиш шарт эмас. Аслида ҳар биримиз ватан ҳимоячиларимиз». Ўқитувчи болаларга яхши таълим бериш билан ватанни ҳимоя қилади, шифокор беморларни даволаб, юртга хизмат кўрсатади, шунингдек, ота-оналар ҳам фарзандини яхши тарбиялаб вояга етказиш билан ватан равнақига ҳисса қўшиши керак. Бу масъулиятдан тонганларни кечириб бўладими?!
Бола асраб олиш қандай амалга оширилади?
Биринчи навбатда, фарзандликка олишни хоҳловчи шахс яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига шу масалада ариза билан мурожаат қилади. Улар аризага илова тарзида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак бўлади:
- никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);
- оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;
- иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;
- иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;
- фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида тиббий маслаҳат комиссияси хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансери маълумотномалари;
- санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ мулк ҳуқуқидаги, ижара шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар 30 иш куни давомида ўрганиб чиқилади ва якуний хулоса қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун ичида ариза берувчига етказилади. Агар мурожаат рад этилса, ариза топшириш давомида тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилади. Ариза берувчи чиқарилган қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Туман, шаҳар ҳокимининг фарзандликка олиш ҳақидаги қарори чиқарилгунга қадар фарзандликка олувчилар ўз аризаларини қайтариб олишга ҳақли.
Д.О.: Ҳа, кўпинча болани қайта олиб кетаман деб олиб келишади, лекин бу ёлғонлигини боланинг ўзидан бўлак ҳаммамиз биламиз.
Мен сизга бир воқеа айтиб бераман. Яқинда бир болани олиб келишди. Биз болаларни муҳитга ўрганиб кетиши, соғлиғини текшириш ва бошқа қонунда кўзда тутилган сабаблар туфайли бир неча кун алоҳида хоналарда сақлаймиз. Хона яқинидан ўтиб кетаётиб қулоғимга доимий тарбияланувчимиз ва янги боланинг суҳбати чалинди:
«Ука, отинг нима?»
«Фалончи».
«Онанг борми?»
«Бор».
«Даданг қаерда ишлайди?»
«Қайси?» (савол қизиқарли)
«Йўқ, одамнинг дадаси битта бўлади».
«Йўқ, мани дадам бор, дадам бор, дадам бор».
«Йўқ, адашяпсан, одамнинг онаси ҳам, дадаси ҳам битта бўлади».
«Ҳа», — деб қўйди бола ҳеч нимани тушунмай.
«Қачон келаман деди онанг?»
«Ярим соатда».
«Ҳа, ука, йиғлаганнинг фойдаси йўқ, энди ярим соат эмас, неча йил кутсанг ҳам, онанг келмайди».
Тасаввур қиляпсизми, кимларнинг боласини тарбиялаяпмиз? Бир давра суҳбатида бўлганимизда имом-хатиб бизга шундай деди: «Сизлар энг хавфли одамлар билан ишлайсизлар». Хавфли?! Инсон ўз фарзандини хавфли дейишини фараз қилиб кўринг.
Фарзандликка олиш қандай расмийлаштирилади?
Фарзандликка олингач, болага янги туғилганлик ҳақида гувоҳнома тақдим этилади. Унда боланинг ота-онаси сифатида фарзандликка олувчи қайд этилади. Боланинг исмини, шарифини, агар фарқ бир йилдан ортиқни ташкил қилмаса, туғилган вақтини ҳам ўзгартириш мумкин. Бола ўн ёшдан ошмаган бўлса, туғилган ери ҳам ўзгартирилишига рухсат берилади. Бола асраб олувчи ва бола ўртасидаги ёш 15 ёшдан кам бўлмаслиги керак. Бола ўн ёшдан катта бўлса, фарзандликка олишда унинг ҳам розилиги олинади. Фарзандликка олиш жараёнида фарзандликка олинаётган бола ота-онасининг ҳам розилиги талаб этилади. Қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
- ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;
- ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;
- ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;
- ота-она бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.
Фарзандликка олинган шахс ўз ота-онаси ва қариндошлари билан боғлиқ мулкий ҳуқуқларини йўқотади. Масалан, асраб олинган боланинг ота-онасидан қолган мерос ортиқ унга дахлдор бўлмайди.
Фарзандликка олиш сир тутилиши таъминланади.
Д.О.: Болаларимиз орасида чин етимлари бор. Улар ота-онасидан кўролмаган меҳрни атрофдагилардан олишга, қайтаришга ҳаракат қилади, яхши амалларга мойил бўлади. Аммо ота-онаси тирик бўла туриб бизда тарбияланаётган болаларнинг кўпчилигида билинар-билинмас алам, ўч олиш ҳисси кўзга ташланади. Боқимандалик шаклланади. Мана шу энг қўрқинчлиси.
* * *
Бу маъюс даргоҳга ташрифим чоғида Дилбар опа ягона суҳбатдошим бўлмади. Яна бир қаҳрамоним билан ўқувчиларимни таништирмоқчиман.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан суҳбат қилишни мақсад қилгандим, аммо, буни қарангки, уларнинг 4-синфгача бўлган қисми лагерга, қолган қисми сайр қилгани боғга кетган экан. Ўзимга аранг суҳбатдош топдим.
Севара 16 ёшда. У келажакда таржимон бўлмоқчи.
— Бу ер қанақа? Нима дея оласиз?
— Яхши, ҳамма шароитлари бор. Тарбиячиларимиз меҳрибон. Биз шаҳардаги учта мактабга борамиз. Мен – 16-га. Умуман, мен ҳаммасидан розиман.
— Тўкис ернинг ўзи йўқ, ҳамма ерда камчилик бўлади.
— Йўқ, бу ерда йўқ, балки бордир, лекин бизга билинмайди. Менга бу ер ёқади.
— Кутубхонангиз борми?
— Ҳа. Мен китоб ўқишни яхши кўраман. Айниқса детектив асарларни.
— Телефон ишлатишга рухсат беришадими?
— Ҳа, фақат ёзда.
— Сизда телефон бўлишини истайсизми?
— Билмадим.
Қизнинг оиласи, ота-онаси ҳақида сўрашга ботинмадим. У ҳамма шароитлар етарлилигини бот-бот такрорлади. Тўғри, одам ўзи нон-туз еган ерини ёмонламайди. Унинг кўзида ҳам шу маънони уқдим. Болалар «аяларига» (меҳрибонлик уйи ходимларини шундай чақиришар экан) ишонади. Масъуллар бу ишончни янада кўпроқ оқлашга ҳафакат қилишини сўраган бўлар эдим.
Севара билан яхши кайфиятда, яна кўришишни ният қилиб хайрлашдик.
* * *
Дилбар опа билан суҳбатимиз бир соатча давом этди. Гурунгнинг иккинчи ярмида халқимиз орасида бола асраб олиш уятли саналиши борасидаги гап-сўзларни тасдиқлатиб олиш ёки рад этиш учун савол беришга жазм этдим.
«Дарё»: Бола асраб олиш ҳолатлари кўпми ёки топшириш? Халқнинг бола асраб олишга муносабати қандай? Фарзанд асраб олишдан тортиниш, уялиш ҳолатлари кўп бўлса керак?
Д.О.: Йўқ, бола асраб олиш кам деб айта олмайман. Биласиз, ўзбек халқи болажон халқ. Ҳар куни камида 3—4 оила фарзанд сўраб келади. Лекин гап шундаки, бола асраб олмоқчи бўлганларнинг кўпчилиги 3 ёшгача бўлган бола асраб олишни маъқул кўради; сабабини ўзингиз тушунасиз. Бизда эса бундай ёшдаги болалар кам. Шу билан бирга, бола танлаш ҳолатларида ҳам нохуш вазиятлар бўлиб туради: тушунишмайдики, бола буюм эмас, тирик жон.
Бола қандай танланади?
Аризаси ижобий жавоб олган фуқарога у фарзандга олиши мумкин бўлган бола тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади ва уни кўриш учун йўлланма берилади. Фарзандликка олувчи болани танлай олмаса, у бошқа халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимига ёки Халқ таълими вазирлигига мурожаат этиши мумкин.
Фарзандликка олинувчи ҳақида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- туғилганлик ҳақида гувоҳнома;
- бола эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинаётган бўлса, хотин ёки эрнинг ёзма розилиги (агар эр-хотин оилавий муносабатни тугатган, бир йилдан ошиқ биргаликда яшамаётган ва эр ёки хотиннинг турар жойи номаълум бўлса, нариги томоннинг ёзма розилиги талаб этилмайди);
- фарзандликка олинувчи ота-онасининг нотариал равишда тасдиқланган розилиги;
- ота-онасининг вафот этгани ҳақида маълумотнома ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида, ота-оналар, муомалага лаёқатсиз ёки лаёқати чекланган, бедарак йўқолган ёки ўлган деб топилгани тўғрисидаги суд қарори;
- ота-онанинг болани тарбияси ва таъминотидан воз кечгани тўғрисидаги аризаси, ота-онага қидирув эълон қилингани ҳақидаги ҳужжатлар, ички ишлар, тарбиялаш, даволаш ва бошқа муассасаларнинг бола ташлаб кетилгани ҳақидаги далолатномаси ва бошқа ҳужжатлар;
- даволаш муассасасининг боланинг жисмоний ва руҳий ривожланиши тўғрисидаги хулосаси.
Д.О.: Ҳа, бир неча марта шундай вазият бўлган. Бунинг оқибатида болада оилага муносабат совуқлашади. Қайтариб олиб келинган бир қиздан янги оилага топшириш учун розилик сўраганимизда у кескин рад қилган, менга оила керак эмас, шу ерда қоламан, деган. «Ойижон, мени ҳеч кимга бериб юбормайсиз-а?» деб умид билан тикилиб турган кўзларга қараганида киши ғалати аҳволга тушади.
«Дарё»: Бола асраб олган оилага қандайдир имтиёзлар бериладими?
Д.О.: Президентимиз яқинда имзолаган қарорнинг патронат оилага асраб олинган бола учун маълум миқдорда пул тўланиши (820 минг сўм — «Дарё») билан боғлиқ банди кўпчилик фарзандликка олишни истовчиларни шошириб қўйди. Икки бола олиб тарбиялайман, уч бола оламан деб даъво қилувчилар кўпайди. Бу пул болага, унинг шахсий ривожланишига сарфланишини тушунишмаяпти. Бу ачинарли ҳол.
* * *
Меҳрибонлик уйи дарвозасидан киришим билан эшитган жавобим — «директор йўқ эдилар!» — менда режалаштирган суҳбатим унчалик муваффақиятли ўтмаса керак, деган таассурот уйғотган эди. Лекин бинога кирганимда салкам қўлимдан тутиб ўзи қабулхонагача кузатиб қўйган болакай шаштимни қайтарди.
Дилбар опа билан бўлган суҳбат мени масалага чуқурроқ қарашга ундади. Бизнинг — меҳрибонлик уйига иши тушмаганларнинг ўйларимиз бу ердаги вазият олдида ўта жўнлигига амин бўлдим.
«Меҳрибонлик уйимиз 1995 йилда ташкил этилган ва бугунги кунгача 300 дан ортиқ тарбияланувчини ўз бағрига олди, — деди опа суҳбат якунида. — Болаларимиздан 20 га яқини ҳозирги кунда ОТМларда таҳсил олмоқда, ҳаётда ўз йўлини топган.
Менимча, маҳаллалар, таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишласак, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан ўз вақтида хабар олинса, ишсизлар иш билан таъминланса, бизга олиб келинадиган болалар — кўнгли яримлар сони камаяди».
Опанинг саволларимдан бирига ота-оналар фарзанд асраб олишдан уялмайди, чиндан фарзандга муҳтожлар бундай ўйдан буюнлай йироқ, деб берган жавоби мени қувонтирди. Чиндан ҳам, бир болани ва ўзини бахтли қилиш учун олдинга қадам ташлашдан нега қўрқиш керак? Нега ийманиш керак?
«Баъзилар болаларни дўкондан буюм танлагандай танлашга уринади, яхши шароитини рўкач қилади. Шундай ҳолларда, майли мени қўпол аёл экан деб ўйлашса ҳам, уларга кескин жавоб қайтараман. Улар тирик жон истагида келганлар!» деди Дилбар опа гап орасида. Англадимки, бу ернинг болалари ишончли қўлда. Меҳрибонлик уйида яна меҳмон бўлишни мақсад қилдим.
Меҳрибонлик уйи болаларининг кўзида нимадир бўлади. Бирида ўкинч, бирида алам, бирида соғинч, бошқасида эса бўшлиқ. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳақида юрадиган ҳар хил гап-сўзлар, мақоллар ҳақиқатни акс эттирмайди. Болалар уйида барча болалар сингари пок яратиқлар яшайди. Улар бир нарсаси билан бошқа болалардан фарқ қилиши мумкин — меҳрга ва эътиборга зорлиги билан. Бу камчиликни тўлдиришга уринаётган Дилбар опа сингари одамларга раҳмат айтаман.
Дилбар Исматуллаева
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)