Бир неча кун аввал Наргиз Зокирова 2014 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келаётган Максим Фадеевнинг продюсерлик маркази хонандага ҳамкорлик ҳақидаги шартномани бекор қилиш ҳақида расмий ҳужжат юборганини маълум қилганди. Максим Фадеевнинг ўзи эса бундай қарор сабабини сурбетлик билан изоҳлаган.

Фото: Peopletalk

Repost хонанданинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов билан боғланиб, шу масалада суҳбат ўтказди.

— Наргиз ва Максим қандай муносабатда эди? Можарога нима сабаб бўлди?

—Аввало Наргиз ва Максим Фадеев 2014 йилдан бери ҳамкорлик қилишини айтиб ўтмоқчиман. Бу жуда самарали ҳамкорлик эди, улар бирга жуда кўп хит қўшиқларни яратди. Наргиз MALFA продюсерлик марказининг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири. У бутун Россия, МДҲ ва хорижий мамлакатларда 1000 дан ортиқ концерт берди.

Шу йилнинг август ойида 2020 йилнинг февраль ойигача давом этиши мумкин бўлган катта тур бошланиши керак эди. 16 июлда биз Максим Фадеевдан шартномани бекор қилиш ниятида эканлиги ва мижозим Наргизга 23 та қўшиқни ижро этиш тақиқлангани тўғрисида билдиришнома олдик. Ҳужжатга кўра, ушбу қўшиқларга муаллифлик ҳуқуқи унинг собиқ продюссерига тегишли. Биз бир неча бор Максим Фадеев билан боғланишга ҳаракат қилдик, лекин у билан гаплашиб олишнинг имкони бўлмади. Унинг ёрдамчилари тур албатта ўтказилиши ва шартнома шартлари қайта кўриб чиқилишига ишонтирди.

Менимча, можаронинг асл сабаби ижодий келишмовчилик бўлган. Биз билмаган шахсий гаплар ўтган бўлиши мумкин. Наргиз аллақачон шаклланиб бўлган жиддий ва иқтидорли артист. Максим бир неча кун олдин бошланиши керак бўлган турни бекор қилиш учун ҳамма нарсани қилди. MALFA тур бошланишидан бир кун олдин ҳудудлардаги барча ташкилотчиларга Наргизни Максим Фадеев продюсерлик марказининг бошқа артистларига алмаштиришни айтди.

Биз жаноб Фадеевнинг адвокати ва шахсан ўзи билан учрашишга ҳаракат қиляпмиз. Максим Фадеев томон Наргизнинг ўзи турни бекор қилиб, шартномани бузаётган қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Наргиз ўз муҳлислари учун борини бериб ишлайлиган артист. У бу турни кутганди ва унга тайёргарлик кўрганди. Шарномани продюсернинг ўзи номаълум сабабларга кўра бузди ва турни бекор қилди. Наргиз турни бекор қилмаган.

—Юридик жиҳатдан MALFA продюсерлик маркази Наргиз Зокировани Максим Фадеев томонидан яратилган қўшиқларни ижро этиш ҳуқуқидан маҳрум этишга ҳақлими?

—Максим ва Наргиз томонидан тузилган шартномага биноан, Фадеев унинг продюссерлик вақтида яратилган Наргизнинг барча қўшиқларига муаллифлик ҳуқуқига эга. Барча концерт ва гастроллардан ҳамда iTunes ва Youtube’дан тушган фойда MALFA продюссерлик марказига тегишли. Наргиз булардан муайян фоиз олади.

—Наргиз шу вақтгача шартнома шартларини бузганми?

—Наргиз 2014 йилда Фадеев билан ҳамкорлик қилишни бошлаганидан бери шартноманинг барча шартларига амал қилиб келади ва уларнинг бирортасини бузмаган. Биз юридик жиҳатдан бузилиш ҳолларини аниқлаш учун барча чораларни кўрдик. Агар келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳам қилишга эришмасак, судга мурожаат қилишга ва барча ҳужжатларни тақдим этишга мажбур бўламиз.

—MALFA продюссерлик маркази, ҳусусан, Максим яна қандай талаблар қўйган?

—Максим Фадеев менинг мижозим ижодий фаолият билан шуғулланишига тўсқинлик қилиш учун барча чораларни кўряпти. У Наргизнинг аллақачон келишилган дунё бўйича ижодий турини бузмоқчи. Ўтган йили ҳам шунга ўхшаш вазият бўлганди. Ўшанда Фадеевнинг продюссерлик маркази Наргизнинг Америкага турини бузмоқчи бўлган. Максим Фадеев билан кўпчилик артистлар зиддиятга борган ва  ундан кетиб қолган. Масалан, Елена Темникова, Полина Гагарина ва бошқалар.