2019 йилнинг 9 август куни Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокимлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 2 июль куни қабул қилинган «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар қилади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси билан биргаликда ташкил этилди.
Унда сенатор ва депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, олимлар, мутахассислар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда мазкур қонуннинг мақсади, аҳамияти ва асосий йўналишлари батафсил кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишни таъминловчи янги жорий этилаётган институтлар ва тизимлар фаолиятини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асосларини яратишга, атом энергияси тўғрисидаги нормалар ва қоидаларни унификациялашга, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишда фуқаролар ва юридик шахслар хавфсизлигини таъминлашнинг самарали механизмларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этишга қаратилгандир.
Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги, хавфсизликнинг таъминланиши, ахборотнинг очиқлиги, ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг тақиқланиши атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий принциплари экани уқтирилди.
Сўзга чиққанлар томонидан қонун атом энергиясини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этиши қайд қилинди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлашда малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим вазифалари: амалиёт, муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусидаги конференция ҳам ўтказилди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ва Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси, шунингдек, Энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мамлакатнинг мавжуд ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсати, шу билан бирга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида йилдан йилга энергия ресурсларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу эса иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ишончли ва самарали қувват манбалари билан таъминлашни талаб қилмоқда.
Бугунги кунда республика энергия манбаи сифатида табиий газга қарам, чунки айнан шу ресурсдан фойдаланиш электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 85 фоизини ташкил этади. Буни инобатга олиб, Ўзбекистон Ҳукумати мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш учун энергетика тармоғини ривожлантиришнинг турли вариантларини кўриб чиқди. Бунда асосий йўналиш сифатида мамлакатда ядро энергетикаси тармоғини шакллантириш вазифаси устувор этиб белгиланди.
Бундай қарорни қабул қилишда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан кўпгина омил ва ҳолатлар ҳисобга олинди. Улар орасида энергетик хавфсизликни таъминлаш зарурати, атроф-муҳитга углерод ташланмаларини камайтириш, атом электр станциялари фаолиятининг хавфсизлик кўрсаткичларига ишончнинг ортиши, ядро энергетикасининг иқтисодий жиҳатдан самардорлиги ва рақобатбардошлиги каби омилларни санаб ўтиш мумкин. Натижада Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан 2018 йилнинг январь ойида мамлакатда АЭС қуриш тўғрисида қарор қабул қилинди ва мазкур йилнинг сентябрь ойида Москва шаҳрида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (МАГАТЕ) хавфсизлик бўйича барча талабларига жавоб берувчи қуввати 2 400 МВт бўлган иккита энергия блокидан иборат «3+» авлод атом электростанциясини қуриш тўғрисида битим имзоланди. Ушбу объект географик жойлашув ва бошқа зарур омиллар нуқтаи назаридан қулай бўлган ҳудуд — Жиззах вилояти Фориш туманида қурилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида, мамлакатда зарур салоҳиятни шакллантириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ишлаб чиқилмоқда, ядровий ва радиацион хавфсизликни бошқариш тузилмаси такомиллаштирилмоқда. Бунда, айниқса, Ўзбекистон учун янги соҳада малакали кадрлар тайёрлаш масаласи давлатнинг диққат марказида турибди.
Таъкидланганидек, атом энергетикаси соҳасида кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Тошкент шаҳрида «МИФИ» Миллий ядро тадқиқот институти филиали ташкил этилиб, у биринчи талабаларни 2019/2020-ўқув йилидан қабул қилади. Ҳозирги пайтда Москва шаҳридаги «МИФИ» Миллий ядро тадқиқотлари институтига атом энергетикаси соҳасида маълумот олиш учун 56 нафар талаба юборилган бўлиб, уларнинг сони йил сайин кўпайиб бориши режалаштирилмоқда.
Анжуманда ушбу масалага урғу берилар экан, ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида иқтидорли кадрларни тайёрлаш, мавжуд кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича халқаро ташкилотлар ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги уқтирилди. Шунингдек, МАГАТЕ ташкилотининг ўқув курслари, семинар ва малака ошириш тадбирларида республика мутахассислари мунтазам иштирок этишини таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, радиациявий хавфли объектлари ишчи-хизматчиларини ҳамда авария-қутқарув тузилмалари шахсий таркибларини аварияларни бартараф этиш бўйича касбий тайёргарликдан ўтказиш чораларини кўриш лозимлиги ҳам таъкидланди.
Анжуманда муҳокама этилган барча масалалар бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Изоҳ (0)