Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг ҳозирги замонавий босқичида электр энергетикаси соҳасидаги асосий вазифа истеъмолчиларнинг электр энергиясига ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш долзарб масала ҳисобланади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Шу боис мамлакатдаги мавжуд электр станциялари ва тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, юқори самарали энергия ишлаб чиқариш технологияларига асосланган янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини диверсификация қилиш бугунги куннинг асосий вазифаларидан, дейилади хабарда.
Ўзбекистонда бир қатор лойиҳаларнинг жадал суръатларда амалга оширилаётгани ҳам айнан шундай эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида бунёд этилаётган Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳам бу каби лойиҳалардан бири. Мазкур йирик иншоот қуввати 230 ва 280 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмасидан иборат бўлиб, у 2020 йилда ишга туширилади.
Лойиҳанинг умумий қуввати 510 МВт, умумий қиймати — 678,2 миллион долларни ташкил этади. Иккита буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши Тахиатош ИЭСга электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондириш билан бирга мавжуд ускуналарда сарфланаётган ёқилғини йилига 488,6 миллион метр куб ёқилғи тежаш имконини беради.
Ушбу станциянинг самарадорлиги 31,21 дан 49,7% гача ошади, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 3,6 миллиард киловатт соат, йиллик иссиқлик ишлаб чиқариш ҳажми эса 139 000 Гкалдир. ИЭС ишга тушгач, бу ерда 97 янги иш ўрни яратилади.
Маълумот ўрнида, бу лойиҳани амалиётга татбиқ этиш учун бош пудратчи «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Consortiumof Hyundai Engineering Co. Ltd.» ҳамда «Hyundai Engineering & Construction Co. Ltd» ҳамкорлигида «тайёр ҳолда топшириш» тамойили асосида шартнома имзоланган.