Монополияга қарши курашиш қўмитаси Миср авикомпанияси — Nile air лоукостери вакилининг Шарм аш-Шайх—Тошкент—Шарм аш-Шайх йўналиши бўйича парвозларни бажариш учун зарур бўлган слотни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқди.
Слот — маълум бир вақт ёки санада самолётнинг учиб келиши ёки учиб кетиши учун аэропортда ажратиладиган вақт.
Мурожаатни ўрганиш мобайнида кўрсатилган йўналиш бўйича парвозлар билан Мисрнинг ягона авиакомпанияси — AlMasria Universal Airlines шуғулланиши маълум бўлди.
Шу билан бирга, Nile air ҳам Миср томонидан ушбу йўналишдаги белгиланган авиаташувчи бўлса-да, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан унинг Шарм аш-Шайх—Тошкент—Шарм аш-Шайх йўналиши бўйича ҳавода қатновларни амалга ошириш учун эркин слотларни бериш тўғрисидаги мурожаатлари ижобий ҳал этилмаган.
Жорий йил 30 июль куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташаббуси билан Транспорт вазирлигида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК вакиллари билан ташкил этилган учрашувда ҳавода ташиш хизматлари бозорида соғлом рақобатни янада ривожлантириш мақсадида Nile air лоукостерига тегишли слотни ажратиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинган.
Муҳокамалар якунига кўра, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Nile air лоукостерига ҳавода ташишларни амалга ошириш учун зарур бўлган слотларни келишиб берди ва парвозлар жорий йилнинг 21 августидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилди.