6 август куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) раиси Серкан Каялар билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашув чоғида таъкидланганидек, TIKA 1992 йилдан бери Ўзбекистонда иқтисод, савдо, техник, таълим, ижтимоий ва маданий дастурларни ҳамда ўзаро ҳамкорлик бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фаолият юритиб келмоқда.
Ўтган давр мобайнида TIKA томонидан қиймати 40 миллион АҚШ долларидан кўпроқ бўлган 800 дан ортиқ техник кўмак грант лойиҳалари амалга оширилди. 2019 йил якунларига кўра ушбу кўрсаткичнинг сезиларли даражада ўсиши кутилмоқда. TIKA раиси собиқ ўринбосари Меҳмет Сурейя Эрнинг Ўзбекистонга элчи этиб тайинланиши ҳам мамлакатдаги Туркия техник кўмак лойиҳаларининг ҳажми ва сифатининг янги даражага олиб чиқилишидан дарак берувчи белги, деб қаралмоқда.
TIKAнинг Ўзбекистондаги муҳим лойиҳаларидан бири Ўзбекистонда Истанбулнинг «Гебзе» ташкилий саноат зонаси филиали очилиши ҳисобланади. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши икки томон учун ҳам узоқ муддат давомида натижа келтирувчи манфаатли қадам бўлади, мамлакатда Туркия тадбиркорларининг инвестицион ва ишлаб чиқариш фаолияти учун янги шароитларни яратади.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг тегишли муассасалари билан иқтисодиёт, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, туризм соҳаларида ва бошқа қатор ижтимоий аҳамиятга эга йўналишларда TIKAнинг лойиҳалар ва техник кўмак дастурларини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
Изоҳ (0)